Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Грузиянинг Тбилиси халқаро аэропортида 20 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаросига мамлакат ҳудудига киришга рухсат берилмади. Бу ҳақда сайёҳлардан бири видео мурожаат орқали маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, барча йўловчиларда қайтиш авиачипталари, меҳмонхона бронлари, тиббий суғурта ҳамда сафар учун етарли маблағлар мавжуд бўлган. Шунга қарамасдан, чегара назорати ходимлари уларни мамлакатга киритишни рад этган.
Маълум қилинишича, чегара хизмати ҳар бир йўловчига кириш рад этилгани ҳақида ёзма хабарнома тақдим этган. Ҳужжатда рад этиш сабаби сифатида "шахс ўз шахси ёки сафар мақсади ҳақида маълумот бермаган ёки ёлғон маълумот тақдим этган" деган изоҳ келтирилган.
Тарқалган видеоларда йўловчилар аэропорт ҳудудидаги автобусда ўтирганини кўриш мумкин. Уларнинг айтишича, ораларида аёллар ва болалар ҳам бўлган, шунингдек, паспортлари қайтарилмасдан тахминан икки соат давомида автобусда ушлаб турилган.
Шунга ўхшаш ҳолат Қирғизистон фуқаролари билан ҳам кузатилган. Видеолардан бирида қирғизистонлик аёл бу унинг учинчи марта Грузияга киритилмаётгани ва рад этиш сабаблари бўйича ҳатто консуллик орқали ҳам аниқ жавоб ололмаганини айтган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига сўров юборилган. Вазирлик ҳозирча бу воқеа бўйича расмий мурожаатлар келиб тушмаганини, бироқ вазият ўрганилиб, рад этиш сабабларига аниқлик киритилишини маълум қилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Грузияда консуллик муассасаси мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Изоҳлар мавжуд емас