Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Хитойнинг Leon technology Co., Ltd. Компанияси Тошкентда “Ақлли жамоат транспорти” лойиҳасини амалга оширишни таклиф этмоқда. Пойтахт ҳокимиятида бўлиб ўтган учрашувда унинг муҳокамаси ўтказилди. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
Хитой Халқ Республикаси компанияси бир неча йўналишларга мўлжалланган йирик лойиҳани тақдим этди. Аммо, биринчи босқичда улардан бири- жамоат транспорти соҳасида ишлаш таклиф қилинмоқда.
“Ақлли жамоат транспорти” лойиҳаси йўловчиларга йўл кира ҳақини электрон шаклда тўлаш, бепул интернетдан фойдаланиш, транспорт йўналиши ва манзилгача бўлган энг мақбул йўл ҳақида маълумот олиш имконини беради. Бундан ташқари, шаҳар йўлларини Wi-Fi ҳудудида айлантириш, интернетни йўл чироқларидан тарқатиш белгиланган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги аппарати бошлиғи Эркин Иминов хитойлик мутахассисларга яна бир лойиҳа – мактабгача таълим муассасалари фаолиятига АКТни жорий қилишни таклиф этди.
Leon Technology Co., Ltd компанияси Синьцзян-Уйғур автоном ҳудудида ахборот технологиялари соҳасида комплекс хизмат кўрсатиш бўйича етакчи ҳисобланади. У хавфсизликнинг интеллектуал тизимлари, “ақлли шаҳар”, сунъий интеллект, булутли ҳисоблаш, буюмлар интернети, йирик маълумотларга ишлов бериш каби тармоқларда фаолият юритади.
Изоҳлар мавжуд емас