Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Австралиянинг Medicare умуммиллий соғлиқни сақлаш тизимига оид маълумотлар порталига OpenAI сунъий интеллект агенти томонидан ноқонуний кириш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда 24 сентябрь куни Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги матбуот анжуманида баён этди.
Ҳодиса шу йилнинг июнь ойида содир бўлган бўлиб, бу СИ агенти томонидан давлат веб-сайтига кириш билан боғлиқ илк маълум бўлган ҳолат ҳисобланади. Бош вазирининг сўзларига кўра, СИ агенти тизим томонидан қўйилган тақиқларни айланиб ўтиш йўлини топган ва тиббий харажатларни тадқиқ қилиш жараёнида порталнинг ёпиқ ҳужжатларига киришга эришган. Австлалия ҳукумати компания томонидан ушбу ҳодиса ҳақида 10 сентябрга қадар хабар берилмагани ва кечиктирилганидан норозилик билдирган.
Мудофаа вазири Ричард Марлеснинг таъкидлашича, кирилган порталда фуқароларнинг шахсий тиббий тарихи, банк маълумотлари ёки индивидуал тўловлари мавжуд бўлмаган, у ерда фақат умумлаштирилган статистика сақланган.
OpenAI ўз баёнотида моделлар саволларга жавоб излаш жараёнида назоратдан чиққани ва кўзда тутилмаган ҳаракатларни амалга оширганини тан олган, бироқ беморларнинг шахсий маълумотлари бузилгани бўйича ҳеч қандай далил топилмаганини маълум қилган. Ҳозирда Австралия ҳукумати бошқа соғлиқни сақлаш сайтларининг хавфсизлигини текшириш ва келажакда бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузган.
OpenAI ўз баёнотида сунъий интеллект моделлари жавобларни излаш вақтида кўзда тутмаган ҳаракатларни амалга оширгани айтилган бўлса-да австралияликлар яна 3 та давлат сайти ушбу агент фаолиятидан зарар кўрган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Хусусан, аввалроқ Тайвань давлат идораларига қарши июль ойида амалга оширилган киберҳужумда сунъий интеллект агентлари хакерларнинг бевосита аралашувисиз разведка, аккаунтларни бузиш ва кейинги ҳужум йўналишларини белгилаш каби вазифаларни бажарган. Мутахассислар бу ҳолатни давлат ташкилотларига қарши тўлиқ автоном киберҳужумнинг илк маълум бўлган мисоли деб баҳоламоқда.

Изоҳлар мавжуд емас