Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг 26-мавзеси ҳудудида ўлик ҳайвонлар ва қушлар топилаётгани ҳақида янги мурожаатлар тарқалди. Мурожаатларга кўра, аҳоли бир неча бор масъул идораларга мурожаат қилганига қарамай, ҳудуддаги эҳтимолий заҳарланиш хавфи бартараф этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 17 ноябрь куни Тошкентнинг Учтепа туманидаги Чилонзор-26 мавзесида қаровсиз ҳайвонлар ва қушлар оммавий нобуд бўлаётгани ҳақида хабар берганди. Ўша вақтда аҳоли бу ҳолат қасддан заҳарлаш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтганди, туман ҳокимлиги эса вазият назоратга олинганини ва ҳайвонлар ўлими сабабларини аниқлаш учун ваколатли хизматлар жалб этилганини билдирганди.
19 ноябрь куни эса ҳолат юзасидан расмий муносабатни эълон қилинганди. Унга кўра, мутахассислар ҳудудда 4 та ит ва 10 та қуш — қарға, ҳакка ҳамда майнанинг нобуд бўлганини аниқлаганди. Дастлабки микроскопик таҳлилларда юқумли касаллик қўзғатувчилари топилмаганди, қўшимча лаборатория текширувлари эса давом этаётгани билдирилганди. Намуналар олингач, ҳайвонлар жасадлари ва йиғилган қолдиқлар ветеринария-санитария талаблари асосида утилизация қилингани маълум қилинганди.
21 ноябрь куни нашр Чилонзорнинг 5-мавзесида ҳам ўлган ит ва зағизғон топилгани ҳақида хабар берганди. Маҳаллий аҳоли бу ҳолатлар ҳам эҳтимолий заҳарланиш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтганди. Бироқ ўлим сабаблари расман тасдиқланмагани қайд этилганди.
Нашр эълон қилган мурожаатда айтилишича, фуқаролар туман ички ишлар бўлимига аризалар билан, Президент виртуал қабулхонасига эса шикоятлар билан мурожаат қилган.
Аҳоли санитария-эпидемиология хизмати вакиллари ҳудудга келиб, ҳолатни суратга олгани ва ишлов берилганини билдирганини таъкидламоқда. Бироқ мурожаат муаллифлари ҳайвонлар ва қушлар нобуд бўлиши давом этаётгани сабабли ҳудуд тўлиқ тозалангани ва хавфли моддалар бартараф этилганига шубҳа билдирган.
Шунингдек, заҳарли моддалар болалар боғчалари ва болалар ўйнайдиган жойлар яқинида сочилган бўлиши мумкинлиги айтилган. Аҳоли ҳудудни мутахассислар иштирокида қайта текшириш, хавфли моддаларни аниқлаш ва зарарсизлантириш, болалар майдончаларини текшириш ҳамда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқишни талаб қилмоқда.
Ҳозирча ҳайвонлар ва қушлар нима сабабдан нобуд бўлаётгани, ҳудудда заҳарли моддалар бор-йўқлиги ҳақида янги расмий хулоса эълон қилинмаган.

Изоҳлар мавжуд емас