Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда туристик объектларда фаолият юритувчи гидларнинг бейжик тақиб юришини назорат қилиш тартиби белгиланмоқда. Шу билан бирга, аттракционлардан фойдаланишда ташриф буюрувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилиши мумкин бўлган зарар учун жавобгарликни суғурталаш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Гидларнинг бейжик тақиши амалдаги "Туризм тўғрисида"ги қонунда ҳам белгиланган.
Қонуннинг 31-моддасига кўра, гидлар, экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар ўз вазифаларини бажараётганда исми ва фамилияси ёзилган кўкрак нишонини тақиб юриши шарт. Бейжик гиднинг тегишли малакага эга эканини ва туристик объектда экскурсия ўтказиш ҳуқуқини тасдиқлайди.
Эндиликда бу талабга риоя этилишини текшириш тартиби аниқлаштирилмоқда. Туризм қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ишлаб чиқилган қўшма қарор лойиҳасига кўра, ваколатли ходимлар гиднинг бейжигини кўздан кечириши, ундаги маълумотларни Ягона электрон реестр билан солиштириши ва малака сертификатининг амал қилишини текшириши мумкин.
Агар гидда бейжик бўлмаса, аммо унинг амалдаги малака сертификати мавжудлиги тасдиқланса, ҳолат қайд этилади ва тегишли ташкилотларга маълумот юборилади. Қалбаки ёки бошқа шахсга тегишли бейжикдан фойдаланиш аломатлари аниқланса, бу ҳақда ваколатли идораларга хабар берилади.
Лойиҳада назорат жараёни туристларнинг дам олиши ва экскурсия дастурига имкон қадар халақит бермаслиги белгиланган.
Шунингдек, бейжикни текшириш мансабдор шахсларга қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча текширув ёки мажбурлов чораларини қўллаш ҳуқуқини бермайди.
Аттракционлар хавфсизлиги бўйича эса 2026 йил 25 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг 645-сон қарори қабул қилинган. Ҳужжат 26 ноябрдан кучга кирган бўлиб, аттракционлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, аттракцион операторларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанади. Бу аттракциондан фойдаланиш вақтида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳолатларда зарарни қоплаш учун ҳуқуқий ва молиявий кафолат яратишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, аттракционлар белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтказилиши шарт. Техник кўрикдан ўтмаган аттракциондан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Бундай талабни бузиш рухсат бериш талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш деб ҳисобланади.
Қарорда аттракционларнинг давлат реестри маълумотларини рақамлаштириш ҳам назарда тутилган.
Реестрда аттракционнинг тури, рухсатномаси, техник ҳолати, жойлашган ҳудуди ва ишлаб чиқарувчиси ҳақидаги маълумотлар очиқ бўлади. Аттракцион операторлари ва масъул ходимлар учун махсус ўқув курслари ҳам ташкил этилади.
Аввалроқ 2026 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда гид-таржимонларга ихтиёрий равишда тўрт турдаги малака тоифасини бериш тизими кучга кириши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас