Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Енгил саноат корхоналари ва пахта-тўқимачилик кластерларининг кредит юкини камайтириш, молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида қарзларни қайтариш муддатлари узайтирилади, айрим кредитлар бўйича фоизлар компенсация қилинади. Шунингдек, банк балансига ўтган йирик тўқимачилик корхоналарини инвесторларга 10 йилгача бўлиб тўлаш шартида сотишга рухсат берилади.
Бу чоралар Президентнинг 2026 йил 26 ноябрдаги қарори билан белгиланган.
Қарорга кўра, енгил саноат корхоналарининг инвестиция лойиҳалари ва айланма маблағлар учун олган кредитлари асосий қарзини қайтариш муддати 36 ойга узайтирилади. Бунда кредит фоизларини тўлаш давом этади ва гаров таъминоти сақланиб қолади.
2029 йил охирига қадар енгил саноат корхоналарига ажратилган айрим кредитлар бўйича фоиз харажатлари ҳам компенсация қилинади. Хусусан, миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банк асосий ставкасидан юқори қисмининг 10 фоиз пунктгача, хорижий валютадаги кредитлар бўйича эса 7 фоиз пунктгача бўлган қисми қопланиши белгиланган. Банклар кредитларни қайта молиялаштириш учун жалб қилган ресурслар фоизлари ўртасидаги ижобий фарқ ҳам 4 фоиз пунктгача компенсация қилиниши мумкин.
Пахта-тўқимачилик кластерларининг жами 4,4 триллион сўмлик кредитлари бўйича ҳам тўлов муддатлари қайта кўриб чиқилади. 2022–2023 йиллардаги пахта ҳосили учун ажратилган 3,2 триллион сўм кредит 2028–2029 йилларда ойма-ой тенг қисмларда қайтарилади.
Ушбу кредитлар учун йиллик фоиз ставкаси 10 фоиз, банк маржаси эса 2 фоиз этиб белгиланган. 2025 йил ҳосили учун ажратилган 1,2 триллион сўм қарзни қайтариш муддати 2027 йил 1 мартгача узайтирилади.
Банк балансига кредит қарздорлиги эвазига олинган, бозор қиймати 15 миллион доллардан юқори бўлган тўқимачилик корхоналарини инвесторларга 10 йилгача бўлиб тўлаш шартида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади. Банклар ушбу корхоналарни сотувга чиқаришдан олдин ишлаб чиқаришни тиклаши ва маҳсулотларини экспортга йўналтириши мумкин. Мол-мулк тўлиқ тўлангунга қадар банк гаровида сақланади.
Шунингдек, пахта толасини қайта ишлайдиган кластерлар ва тўқимачилик корхоналарининг кредит қарздорлигини ундиришда харид қилинган пахта хомашёси ҳамда ундан ишлаб чиқарилган толага ундирув қаратилмайди.
Қарорда қишлоқ хўжалиги кредитларини ажратиш тартиби ҳам ўзгартирилган. 2027 йил ҳосилидан бошлаб имтиёзли кредит беришда маҳсулот етиштирувчиларнинг кредит тарихи ҳисобга олинади. Пахта ва ғалла етиштириш учун ажратиладиган ресурслар фоиз ставкаси 2 фоиз пунктга пасайтирилади, Агробанк маржаси 4 фоиз этиб белгиланади.
Агробанкнинг молиявий барқарорлигини қўллаб-қувватлаш учун республика бюджетидан банк депозитларига 2 триллион сўм жойлаштирилади. Маблағ 2031 йил охиригача йиллик 9 фоиз ставкада, икки йиллик имтиёзли давр билан ажратилади. У молиявий аҳволи барқарор бўлмаган кластерлар қарздорлигининг банк ҳолатига таъсирини камайтиришга йўналтирилади.
Бундан ташқари, 2026–2028 йилларда Агробанк харажатларини 1 триллион сўмгача қисқартириш, кредит хатарларини аниқлаш тизимларини такомиллаштириш ва узоқ муддатли ресурслар жалб қилиш чоралари кўрилади. 2028 йил 1 январгача экспорт тушумларини олиб келиш муддати 365 кунгача узайтирилиб, шу даврда жарима ва экспорт операцияларини чеклаш чоралари қўлланилмайди.

Изоҳлар мавжуд емас