Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда давлат рақамисиз ҳаракатланаётган Li L7 русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилиб текширилганда, унинг оёқ кийими ичидан кўк изолентага ўралган, гиёҳвандлик моддаси бўлиши мумкин бўлган номаълум модда топилди. Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи чақиртирилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги тадбири доирасида Яшнобод туманидаги Оҳангарон шоҳ кўчасидан Себзор кўчасига йўналишда давлат рақамисиз ҳаракатланаётган Li L7 автомобили кузатилган.
Хизмат олиб бораётган инспекторлар ҳайдовчини тўхтатиб, ҳужжатларини текширган. Унинг ҳужжатлари ёнида бўлмагани ходимларда қўшимча шубҳа уйғотган.
Шундан сўнг, ҳудудда хизмат олиб бораётган бошқа инспектор чақиртирилиб, холислар иштирокида ҳайдовчи текширилган. Текширув давомида унинг оёқ кийими ичидан кўк изолентага ўралган, номаълум кукунсимон модда аниқланган.
Ҳодиса жойига тезкор-тергов гуруҳи чақиртирилган. Топилган модданинг таркиби ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича кейинги маълумотлар ҳозирча келтирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкентда гиёҳвандлик моддаси қўшилган ширинликлар тайёрлаган нарколаборатория фош этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас