Загрузка
Загрузка
Ҳаво ифлосланиши хавфли даражага етса, Ўзбекистонда автомобиллар ҳаракати ва қурилишлар чекланиши мумкин
Жамият

Ҳаво ифлосланиши хавфли даражага етса, Ўзбекистонда автомобиллар ҳаракати ва қурилишлар чекланиши мумкин

15
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашган даврларда транспорт ҳаракатини вақтинча чеклаш, қурилиш ишларини тўхтатиб туриш ва айрим оммавий тадбирларни ўтказишни чеклаш таклиф этилмоқда. Бу чоралар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ишлаб чиққан ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган. 

Лойиҳага кўра, вилоят ва шаҳар марказларида оғир юк ташувчи транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланиши ёки улар шаҳарни айланиб ўтувчи муқобил йўналишларга йўналтирилиши мумкин. 

Зарур ҳолларда давлат рақами тоқ ёки жуфт рақам билан тугайдиган автомобилларнинг тегишли саналарда ҳаракатланиши тартиби жорий этилиши ҳам мумкин. Бунда электромобиллар ва махсус транспорт воситаларига чеклов татбиқ этилмайди. 

Транспорт ҳаракати устидан назорат Ички ишлар вазирлиги томонидан Президент Администрациясининг тегишли кўрсатмаси асосида амалга оширилади. 

Шунингдек, экологик вазият ва ноқулай метеорологик шароитлардан келиб чиқиб, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг асослантирилган таклифи билан ҳаракатланиш вақтинча чекланадиган кўчалар ва йўл участкалари белгиланиши мумкин. 

Табиий чангланиш кучайган даврларда маҳаллий ҳокимликлар шаҳарлардаги фаввораларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши, марказий кўчалар, жамоат жойлари ва яшил ҳудудларни суғориш ҳамда махсус транспорт воситалари орқали намлаш ишларини кучайтириши режалаштирилган. 

Лойиҳада қурилиш ишларига ҳам вақтинчалик чекловлар киритиш кўзда тутилган. 

Қурилиш майдонларида чангнинг ҳавога тарқалишини камайтирувчи ускуналардан фойдаланиш, материалларни ёпиқ ҳолда сақлаш ва ташиш, майдонларни мунтазам намлаш мажбурий талаблар қаторига киритилмоқда. 

Бундан ташқари, ноқулай метеорологик шароитларда энергетика корхоналарида мазутдан ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқланиши мумкин. 

Бу талаб авариявий ҳолатлар ва энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш зарур бўлган фавқулодда вазиятларга нисбатан қўлланмайди. 

Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги очиқ ҳавода бўлишни чеклаш, болалар, кексалар ва сурункали касалликлари бор шахсларга уйда қолишни тавсия этиш, таълим муассасаларида очиқ ҳаводаги машғулотларни вақтинча бекор қилиш ҳамда оммавий тадбирларни чеклаш бўйича таклифлар киритиб боради. 

Зарур ҳолларда давлат ташкилотларида иш вақти ўзгартирилиши ёки ходимлар масофавий ишлашга ўтказилиши ҳам мумкин. 

Қарор лойиҳаси 12 декабрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади. Ҳозирча бу чоралар таклиф сифатида илгари сурилган бўлиб, уларнинг жорий этилиши қарор қабул қилинишига боғлиқ. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Қазгидромет" 15–22 ноябрь кунларидаги ҳаво оқимлари таҳлилига таяниб, Тошкент ҳавосида чанг заррачалари кўпайишида Қозоғистон ҳудудининг таъсири борлиги ҳақидаги даъволарни рад этган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...