Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда барпо этилиши режалаштирилаётган янги халқаро аэропорт ёнида 800 гектар майдонда 5 миллиард долларлик кўп функцияли Aerocity мажмуасини ташкил этиш таклиф қилинди. Лойиҳа доирасида логистика ва электрон савдо марказлари, меҳмонхоналар, турар жойлар ҳамда машҳур брендлар объектлари қурилиши режалаштирилган.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Транспорт-логистика соҳасидаги инвесторлар ва тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилган.
Учрашув Автомобиль йўллари қўмитасининг илмий-амалий марказида ўтказилган. Янги халқаро аэропортнинг ўзи 1,3 минг гектар майдонда жойлаштирилиши режалаштирилган.
Лойиҳада Саудия Арабистони, Япония ва Жанубий Корея компаниялари иштирок этган. Масъул идораларга келаси йил 1 июлга қадар ҳудуднинг бош режасини ишлаб чиқиб, маҳаллий ва хорижий инвесторларга тақдим этиш топширилган.
Учрашувда мамлакат авиация соҳасини ривожлантириш ва маҳаллий авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Сўнгги йилларда 11 та халқаро аэропорт реконструкция қилинган, Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Арнасой тумани, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Сўхдаги аэропортлар фаолияти қайта тикланган. Натижада мамлакатдаги аэропортлар сони 18 тага етган.
Урганч, Самарқанд, Бухоро ва Наманган аэропортлари давлат-хусусий шериклик асосида инвесторларга ишончли бошқарувга берилган.
Жорий йил якунида авиация орқали йўловчи ташиш ҳажми 17 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Келгуси йилларда бу кўрсаткични 25 миллион нафарга етказиш мақсад қилинган.
2027 йилдан маҳаллий авиакомпаниялар учун қўшимча солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилиши режалаштирилган.
Хусусан, авиация ёқилғиси акциз солиғидан озод қилинади ва унга ноль фоизли ҚҚС ставкаси қўлланади. Ёқилғи нархини жаҳон бозоридаги ўртача нархларга боғлаш таклиф этилган.
Эҳтиёт қисмлар импорти учун божхона божи бўйича имтиёз 2040 йилгача узайтирилади. Ҳаво кемалари, двигателлар ва агрегатларни ижарага олишга ҳам ноль фоизли ҚҚС ставкаси татбиқ этилиши кўзда тутилган.
Маҳаллий учувчиларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш мажбуриятини олган авиакомпанияларга ҳам алоҳида имтиёзлар берилиши мумкин.
Улар жалб қиладиган хорижий мутахассислар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланиши, ишлаш рухсатномасини бериш йиғими эса 30 баробарга камайтирилиши режалаштирилган.
Резидент авиакомпанияларга эҳтиёт қисмлар импортида тўланган ҚҚСни бир кун ичида қайтариш тизимини жорий этиш ҳам таклиф қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳаво кемалари сонини келгуси йилда 150 тага, 2030 йилгача эса камида 250 тага етказиш вазифаси белгилангани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас