Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эрон вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш ва АҚШ билан ҳарбий қарама-қаршиликни тугатиш учун аввал жанговар майдонда мустаҳкам ва стратегик устунликка эришишни зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи IRNA агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.
Ташқи сиёсат идораси раҳбарининг таъкидлашича, урушни тўхтатиш ва дипломатик музокараларни бошлаш вақтини тўғри танлаш энг муҳим масала ҳисобланади. Бунда ҳар қандай қарор инсонлар ҳаёти ва мамлакат тақдирини хавф остига қўймаган ҳолда, аниқ ва тўлиқ ҳисоб-китобларга таяниб қабул қилиниши лозим.
Ушбу баёнот АҚШ қуролли кучлари томонидан Эрон ҳудудига кетма-кет тўққизинчи кеча берилган зарбалар якунланганидан сўнг янграган. Содир бўлаётган ҳарбий ҳаракатларга қарамай, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Вашингтон Эрон билан юзага келган ушбу можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш учун ҳали ҳам очиқ эканини маълум қилган. Сиёсий таҳлилчиларнинг қайд этишича, ҳар икки давлат дипломатик мулоқот эшикларини очиқ қолдирган ҳолда, жанговар ҳаракатлар орқали келажакдаги музокаралар столида имкон қадар кучлироқ позицияни эгаллашга ҳаракат қилмоқда.
АҚШ ҳарбий кучлари Эрон ҳудудига ҳаво зарбалари беришни давом эттирганди ва бу сафар ҳужумлар илк бор мамлакат шимолига ҳамда пойтахт Теҳрон яқинидаги ҳудудларга қадар етиб борганди. Бунга жавобан Эрон армияси Қувайт, Баҳрайн ва Иорданиядаги АҚШ ҳарбий объектларини нишонга олганини маълум қилган эди. Сўнгги тўқнашувлар оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлди ва 300 дан ортиқ киши жароҳатланганди.

Изоҳлар мавжуд емас