Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг Эронга қарши уруши мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари бюджетига жиддий босим ўтказмоқда. The Guardian нашри қўлга киритган ҳужжатлар ва ҳарбий амалдорлар, пудратчилар ҳамда мудофаа соҳаси таҳлилчилари билан суҳбатларга кўра, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари жанговар операциялар харажатларини қоплаш учун иш ҳақи ва бошқа ҳисоблардаги маблағларни қайта тақсимлашга мажбур бўлмоқда.
Маълум қилинишича, Пентагоннинг ички ҳужжатларидан бирида ҳарбий-денгиз кучларининг иш ҳақи ҳисобларида маблағ етишмовчилиги юзага келгани қайд этилган. Айрим ҳарбий объектларда шошилинч бўлмаган таъмирлаш ишлари ҳам маблағ танқислиги сабаб кечиктирилгани айтилмоқда.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг 2026 йилги бюджети қарийб 300 миллиард долларни ташкил этади. Бироқ 28 февралда бошланган Эрон уруши мавжуд бюджет харажатларига жиддий босим ўтказган.
АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет июль ойида Конгрессдан қўшимча маблағ ажратишни сўраб, акс ҳолда ҳарбий соҳада "жиддий танқисликлар" юзага келишини айтган. Унинг маълум қилишича, Эрон урушига сарфланган маблағ 35,7 миллиард долларга етган.
Трамп маъмурияти Пентагон учун 67 миллиард долларлик фавқулодда маблағ сўраган. Бироқ бу маблағларнинг қанчаси ҳарбий-денгиз кучларига йўналтирилиши аниқ кўрсатилмаган.
Шу билан бирга, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари вакиллари техник хизмат кўрсатиш ва операциялар учун ажратилган маблағлар тугамаганини билдирган. Улар мавжуд ресурслар иш ҳақи ва ҳарбий тайёргарликни таъминлаш учун бошқарилаётганини таъкидлаган.
Бундан олдин Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) бош штаби бошлиғи Эяль Замир ҳам армияда молиялаштириш етишмаслиги юзага келгани ва бу қўшинларнинг жанговар шайлигига салбий таъсир кўрсатаётганини маълум
қилганди. Унинг айтишича, армия бир вақтнинг ўзида бир нечта фронтда фаолият олиб бораётган шароитда маблағ танқислигига дуч келмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас