Қирғизистонда Жапаров фармони асосида кенг кўламли кадрлар алмашинуви амалга оширилди
Дунё

Қирғизистонда Жапаров фармони асосида кенг кўламли кадрлар алмашинуви амалга оширилди

31

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров давлат тузилмаларида кенг кўламли кадрлар ўзгаришини амалга оширди. Давлат котиби, Хавфсизлик Кенгаши котиби ва Соғлиқни сақлаш вазири лавозимларига янги  шахслар  тайинланди. Эътиборли жиҳати, юқори лавозимларга Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) вакиллари тайинланган. 

Президент Садир Жапаров томонидан имзоланган фармонларга кўра, ижро ҳокимияти ва махсус хизматларнинг юқори поғоналарида сезиларли ўзгаришлар рўй берган.

Аввал Президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Арслон Қўйчиев фармонга кўра, Давлат котиби лавозимини эгаллади. Бу лавозимдан озод этилган Марат Иманқулов эса Президент маслаҳатчиси сифатида иш фаолиятини давом эттиради. 

Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимига Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Рустам Мамасадиқов тайинланди. У Бақтибек Бекболотов ўрнини эгаллаган. 

Энг муҳим ўзгаришлардан бири шундаки, Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи этиб ДМХҚ вакили Қанибек Досмамбетов тайинланди. Бу лавозимни бир йилга яқин эгаллаб турган Эркин Чечейбаев истеъфога чиқарилган. 

Рустам Мамасадиқов Хавфсизлик Кенгашига ўтиб кетганидан сўнг, ДМХҚда ҳам қатор тайинловлар амалга оширилган. 

ДМХҚ раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимига ДМХҚ Аксилтеррорчилик марказига раҳбарлик қилиб келган Қурвонбек Авазов тайинланди. 

ДМХҚ раиси ўринбосари – Киберхавфсизлик маркази директори  этиб аввал ДМХҚнинг Ўш шаҳри ва вилояти бўйича бошқарма бошлиғи бўлган Даниел Рисалиев тайинланди. 

Шунингдек, Аманкан Кенжебаев Президентнинг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили этиб тайинланди.

Шу сабабли Элчибек Жантаев лавозимидан озод этилган. У Давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ишлари давлат агентлигига директор бўлди. 

Азамат Апсатаров Президент Администрациясининг Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини назорат қилиш бўлими мудири этиб тайинланди. У бунгача Президент ёрдамчиси лавозимида ишлаган. 

Азамат Осмонов Президентнинг Чуй вилоятидаги ваколатли вакили этиб тайинланди. Шу боис Канат Жумагазиев Президентнинг Чуй вилоятидаги ваколатли вакили лавозимидан озод этилган.

Президент Садир Жапаровнинг мазкур қарори  асосида Қирғизистоннинг асосий ижро ва хавфсизлик органларида ДМХҚ вакилларининг мавқеи сезиларли даражада мустаҳкамланган.

Эслатиб ўтамизки, аввалроқ   Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўғли Қодирбек Атамбоев ҳибсга олинганди. Бир неча собиқ депутатлар ҳам ушланган. Тергов  таъминига кўра, улар парламент сайловларидан кейин мамлакат бўйлаб бир қатор митинглар ўтказишни режалаштирган. 

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...