Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 16 ноябрдан бошлаб АҚШга халқаро рейсларда учадиган барча йўловчилар сўнгги 21 кун давомида Конго Демократик Республикасида бўлмаганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши шарт. Янги талаб Эбола вирусининг тарқалиши муносабати билан АҚШ транспорт хавфсизлиги маъмурияти (TSA) ва Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) томонидан жорий қилинган.
Бу ҳақда Uzbekistan Airways авиакомпанияси маълум қилди. Улар АҚШга учадиган ва АҚШ ҳудуди орқали транзит билан ўтадиган рейсларга хизмат кўрсатувчи хорижий авиакомпанияларга ҳам тааллуқли.
Нима учун айнан Конго Демократик Республикаси?
Бу мамлакатда Эбола вирусининг Bundibugyo тури тарқалиши давом этмоқда. Европа касалликларни профилактика қилиш ва назорат марказининг 2026 йил 16 ноябрдаги маълумотига кўра, Конго Демократик Республикасида 15 ноябрь ҳолатига 11 376 та тасдиқланган ҳолат қайд этилган, уларнинг 5 568 таси ўлим билан якунланган.
Эпидемия мамлакатнинг саккизта вилоятига тарқалган. Улар орасида Итури, Шимолий Киву, Жанубий Киву, Тшопо ва бошқа ҳудудлар бор. Шунингдек, вирус билан боғлиқ ҳолатлар Кения ва Нигерияда ҳам аниқланган.
Нега айнан 21 кунлик муддат белгиланган?
Эбола вирусининг яширин даври 2 кундан 21 кунгача давом этиши мумкин. Бу инфекция юққан одамда касаллик белгилари дарҳол пайдо бўлмаслигини англатади. Одам вирусни юқтирганидан кейин маълум вақт ўзини соғлом ҳис қилиши, аммо инкубация даври давомида касаллик аломатлари кейинроқ юзага чиқиши мумкин.
АҚШ расмийлари айнан шу хавфни ҳисобга олган. Чунки фақат аэропортда йўловчининг ҳароратини ўлчаш ёки ташқи белгиларини текшириш вирус юқтирган, аммо ҳали аломатлари пайдо бўлмаган одамни аниқлаш учун етарли бўлмаслиги мумкин.
Шу сабабли АҚШга учишдан олдин йўловчининг сўнгги 21 кун давомида Конгода бўлмагани ҳақидаги ёзма тасдиғи талаб этилмоқда.
Қўшимча назорат қачонгача давом этади?
АҚШ Транспорт хавфсизлиги маъмуриятининг 2026 йил 16 ноябрда кучга кирган фавқулодда кўрсатмаси 2027 йил 16 февралгача амал қилади. Унга кўра, АҚШга учадиган рейсларга хизмат кўрсатувчи хорижий авиакомпаниялар йўловчилардан тасдиқнома олинишини текшириши, талабни бажаришдан бош тортган ёки ёлғон маълумот берган шахслар билан боғлиқ айрим ҳолатлар ҳақида АҚШ Транспорт хавфсизлиги маъмуриятига хабар бериши керак.
Шунингдек, АҚШга, АҚШ орқали ёки АҚШдан сафарни брон қилаётган йўловчиларга эпидемиологик чекловлар ҳақида олдиндан маълумот берилиши лозим.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари эса йўловчилар учун тасдиқнома талабини 2026 йил 3 ноябрдан кучга киритган. Ушбу талабнинг амал қилиш муддати алоҳида қарор билан белгиланади ва эпидемиологик вазиятга қараб ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас