Загрузка
Загрузка
Mercedes-Benz Германиядаги заводларига инвестиция киритишни тўхтатди
Дунё

Mercedes-Benz Германиядаги заводларига инвестиция киритишни тўхтатди

25
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Германиянинг Mercedes-Benz автомобиль концерни мамлакатдаги ишлаб чиқариш майдонларига янги инвестициялар киритишни тўхтатишга қарор қилди. Компания раҳбарияти айрим заводларни ёпиш имкониятини ҳам батафсил ўрганмоқда.

Бунга ишлаб чиқариш харажатларининг юқорилиги ва ходимлар ҳамда касаба уюшмалари билан харажатларни қисқартириш бўйича келишувга эришилмагани сабаб бўлган. Mercedes-Benz ишлаб чиқариш бўлими раҳбари Михаэль Шибе раҳбарият Германиядаги ишлаб чиқариш майдонларига барча янги инвестицияларни тўхтатишга қарор қилганини билдирган.

Компания бир неча ойдан буён ходимлар ва касаба уюшмалари билан харажатларни камайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Раҳбарият ишчилардан иш ҳафтасини амалдаги 35 соатдан 40 соатгача оширишни, бунда иш ҳақини кўпайтирмасликни талаб қилмоқда.

Бироқ Германиянинг йирик касаба уюшмаларидан бири — IG Metall ва ходимлар вакиллари бунга рози эмас. Улар 35 соатлик иш ҳафтасини сақлаб қолишни талаб қилмоқда. Шунингдек, компания фойдадан бериладиган мукофотлар, таътил ва Рождество байрами учун тўланадиган қўшимча пулларни ҳам қисқартириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Mercedes-Benz раҳбарияти заводларни ёпишни истамаслигини билдирган. Бироқ компания бошқаруви аъзоси Бритта Зеегер музокараларда ҳозирча келишувга эришиш имконияти кўринмаётгани сабабли Германиядаги қайси ишлаб чиқариш майдонларини сақлаб қолиш мумкинлигини аниқ баҳолаш зарурлигини айтган.

Концерн Германиядаги ишлаб чиқариш харажатлари Шарқий Европадаги корхоналарга нисбатан анча юқори эканини таъкидламоқда. Михаэль Шибенинг айтишича, Германияда ишлаб чиқаришдаги бир соатлик меҳнат харажати айрим ҳолларда Шарқий Европадаги заводларга нисбатан беш баравар юқори.

Компанияга қўшимча босим ўтказаётган омиллар қаторида автомобилларга талабнинг пасайиши, божхона тўловлари, нархлар бўйича рақобат ва Хитой ишлаб чиқарувчиларининг бозордаги мавқеи кучайиши ҳам бор. Mercedes-Benz сўнгги йилларда Хитой бозорида ҳам савдо ҳажми пасайишига дуч келган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...