Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Дональд Трампнинг АҚШ 1 августдан бошлаб барча Қозоғистон маҳсулотларига 25 фоизлик бож жорий этиши ҳақидаги мактубига жавоб қайтарди. Тўқаев ўз мурожаатида савдо можаросини чуқурлаштирмасликка чақирди ва муросага умид билдирди.
Президентнинг сўзларига кўра, Остона мулоқот учун очиқ ва ўзаро манфаатли муносабатларни сақлаб қолишга имкон берадиган мувозанатли ечим излашга тайёр. Унинг таъкидлашича, Қозоғистон ҳар доим АҚШ учун ишончли савдо ва сармоявий ҳамкор бўлиб келган.
Аввалроқ Трамп ўз қарорини икки давлат ўртасидаги "савдо номутаносиблиги"ни бартараф этиш зарурати билан асослаганди. Унинг сўзларига кўра, бу АҚШ иқтисодиёти ва хавфсизлигига "жиддий таҳдид" туғдиради. Шунга қарамай, Вашингтон ҳамкорликни фақат янги шартларда давом эттиришга тайёр.
Қозоғистондан ташқари, Трамп худди шундай хатларни Малайзия (25 фоиз), Лаос (40 фоиз), Жанубий Африка (30 фоиз), Мьянма (40 фоиз), Япония (25 фоиз) ва Жанубий Кореяга (25 фоиз) юборган.

Изоҳлар мавжуд емас