Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг 15 миллионга яқин фуқаросига тегишли шахсий маълумотлар darknet тармоғида сотувга қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳакерлар ушбу базани 0,5 биткоин (қарийб 32 минг доллар)га баҳолаган бўлиб, 2,7 гигабайт ҳажмдаги файлда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, телефон рақамлари, иш жойи ва пароллар мавжудлиги даъво қилинмоқда.
Қозоғистон Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги маълум қилишича, вазирлик ҳозирда eGov "электрон ҳукумат" тизими бузиб кирилганини рад этган ҳолда техник текширув олиб борилаётганини билдирди. Бу каби киберхавфлар минтақа мамлакатлари учун жиддий муаммога айланаётгани таъкидланган.
Худди шундай ҳолат жорий йилнинг февраль ойида ҳам Ўзбекистонда қайд этилган эди. Ўшанда қарийб 15 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари "Dark Web"га чиқиб кетгани ҳақида хабарлар
тарқалган эди.
Кейинчалик Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ушбу маълумотни рад этиб, киберҳужумлар оқибатида қарийб 60 минг фуқаронинг маълумотлари зарар кўрганини маълум қилган. Ҳолат юзасидан Киберхавфсизлик маркази томонидан ўрганишлар олиб борилган.

Изоҳлар мавжуд емас