Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги (DHS) малакали хорижлик мутахассисларга бериладиган янги H-1B визалари учун 103 265 доллар миқдоридаги доимий йиғимни жорий этишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини эълон қилди.
Июнь ойида федерал судья мазкур йиғимни ноқонуний деб топиб, уни ундиришни тақиқлаган эди. Ҳозирда ушбу қарор Бостондаги апелляция судида қайта кўриб чиқилмоқда, шунингдек, яна бир суд йирик бизнес гуруҳининг даъвосини рад этиш қанчалик асосли бўлганини ўрганмоқда.
Дональд Трамп томонидан 2025 йилда киритилган вақтинчалик йиғим муддати сентябрь ойида тугайди, шу сабабли вазирлик уни регуляция даражасида доимий қилиб мустаҳкамламоқчи. Жорий этилган 30 кунлик жамоатчилик муҳокамасидан сўнг, янги қоида йил охиригача кучга кириши мумкин.
Янги тартиб АҚШда талабалик визаси билан бўлиб турган ва H-1B олаётган хорижликларга, шунингдек, амалдаги визаларни узайтиришга татбиқ этилмайди. Шу билан бирга, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ва Давлат департаменти бошқа йўналишларда ҳам чекловларни кучайтирмоқда.
Хусусан, мамлакатга бизнес ва туризм (B1/B2) визалари билан келиб, кейинчалик бошпана сўраб мурожаат қилган 200 мингга яқин чет эл фуқаросининг визаларини бекор қилиш режалаштирилмоқда.
Бундан олдин АҚШ 3 августдан бошлаб айрим давлатлар фуқаролари учун туристик (B-2) ва бизнес (B-1) визаларни расмийлаштиришда виза гарови тизимини доимий тартибда жорий этганди. Унга кўра, консуллик ходими ҳар бир мурожаатни алоҳида баҳолаб, 20 минг долларгача гаров талаб қилиши мумкин.
Иммиграция сиёсатининг қаттиқлалашуви фонида иш берувчилар томонидан H-1B визаларига топширилган аризалар сони кескин камайган — ўтган йили 344 мингта ариза рўйхатга олинган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 25 фоизга камдир. Бизнес вакиллари юқори йиғимлар ва чекловлар малакали кадрлар танқислигини келтириб чиқаришини таъкидлаётган бўлса, Оқ уй вакиллари бу чоралар маҳаллий ишчиларни ҳимоя қилишга хизмат қилишини билдирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас