Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро муҳофазаси қўмитаси қутқарувчилари 30 июнь куни эрталаб Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шоҳин ноҳияси, Кишт қишлоғи яқинидаги сув юзасидан Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) раиси Алишер Мирзонаботнинг жасадини топишди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати раҳбари Ориф Нозимиён маълум қилди.
Вазирлик вакилининг таъкидлашича, вилоят собиқ раҳбарининг шахси тиббий экспертиза томонидан тўлиқ тасдиқланган. Айни пайтда қутқарувчилар унинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган қизининг жасадларини қидириш ишларини давом эттирмоқда.
Ушбу мудҳиш ЙТҲ оқибатидаги қидирув-қутқарув амалиёти жорий йилнинг 17 июнидан буён тўхтовсиз олиб борилмоқда. Ўша куни Тоғли Бадахшон раиси Алишер Мирзонабот ва унинг ҳамроҳлари бўлган автомобиль Дарвоз ноҳияси ҳудудидаги трассадан Панж дарёсига қулаб кетган эди. Аввалроқ қутқарувчилар машина ҳайдовчиси ва вилоят раҳбари маслаҳатчисининг жасадларини сувдан чиқариб олишганди.
Тожикистон Ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, мазкур бахтсиз ҳодиса юзасидан олиб борилаётган суриштирув ва тергов ҳаракатлари мамлакат Президенти Эмомали Раҳмоннинг шахсий назоратида турибди.

Изоҳлар мавжуд емас