Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Мугла вилоятидаги Фетхие шаҳри яқинида сайёҳларни олиб кетаётган кемада ёнғин чиқди. Ҳодиса вақтида кемада 115 киши, жумладан, болалар ҳам бўлган. Ёнғин оқибатида икки нафар сайёҳ тутундан заҳарланди.
13 август куни Катранжи кўрфази яқинида бир кунлик сайёҳлик рейсини амалга ошираётган кемада ёнғин юзага келган. Олов қисқа вақт ичида тез тарқалгани сабабли йўловчилар ва экипаж аъзолари қутқарув камарларини кийиб, денгизга сакрашга мажбур бўлган.
Ҳодиса жойига соҳил қўриқлаш хизмати, денгиз полицияси, қутқарувчилар ва тиббиёт ходимлари юборилган. Шунингдек, яқин атрофда бўлган бошқа кемалар ҳам одамларни эвакуация қилиш ишларига жалб этилган.
Қутқарув операцияси натижасида кемадаги барча 115 киши соғ-саломат қирғоққа олиб чиқилган. Икки киши тутундан заҳарлангани сабабли шифохонага ётқизилган. Айрим болалар ҳам эҳтиёт чораси сифатида шифокорлар кўригидан ўтказилган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот берилмаган. Ёнғин ўчирилган бўлса-да, кема жиддий зарарланган ва ундан фойдаланиш имкони қолмаган.
Айни пайтда Туркия расмийлари ёнғин келиб чиқиши сабабларини аниқлаш бўйича тергов олиб бормоқда.
Аввалроқ Бали қирғоқларида паром чўкиб кетганди. Натижада тўрт киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар бедарак йўқолган эди.

Изоҳлар мавжуд емас