Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Венесуэлада 25 июнь куни содир бўлган 7,2 ва 7,5 магнитудали кучли зилзилалар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1 450 нафардан ошди. Расмий маълумотларга кўра, камида 3 150 киши жароҳатланган, юзлаб инсонлар эса ҳали ҳам бедарак ҳисобланмоқда.
Қутқарув ишлари давом этаётган бир пайтда қутқарувчилар тўрт кундан сўнг пойтахт Каракасдан тахминан 40 километр шимолда жойлашган Карабальеда шаҳрида вайроналар орасидан ота ва унинг ўсмир ўғлини тирик ҳолда қутқарган. Франция ва АҚШ қутқарув гуруҳлари иштирокида амалга оширилган ушбу операция фожиа фонида умид уйғотган. Шунингдек, 11 ёшли бола ҳам 3 кунлик қутқарув ишларидан сўнг тирик ҳолда топилган.
Венесуэла раҳбарияти қидирув-қутқарув ишлари тўхтатилмаслигини билдириб, тирик қолганларни топиш учун барча имкониятлар ишга солинаётганини маълум қилган. Бироқ мутахассислар табиий офатдан кейинги энг муҳим 72 соатлик қутқарув даври ўтиб кетгани сабабли омон қолганларни топиш эҳтимоли тобора камайиб бораётганини таъкидламоқда.
Зилзила оқибатида қарийб 200 та бино бутунлай вайрон бўлган, 774 та иншоот эса жиддий шикастланган. Миллионлаб аҳоли ичимлик суви, санитария, тиббий хизмат ва бошқа ҳаётий зарур воситаларга муҳтож ҳолда қолмоқда.
Фожиадан энг кўп зарар кўрган Ла-Гуайра шаҳрида айрим жойларда талончилик ҳолатлари ҳам кузатилган. Маҳаллий аҳоли ёрдам ишлари секин кечаётганидан норозилик билдирмоқда.
Айни пайтда АҚШ, Мексика ва бошқа давлатлардан юборилган халқаро қутқарувчилар операцияларда иштирок этмоқда. Венесуэла ҳукумати маълум қилишича, 24 мамлакат томонидан 521 тонна гуманитар ёрдам, 2 700 дан ортиқ қутқарувчи ва махсус қидирув итлари юборилган. АҚШ, шунингдек, 150 миллион долларлик гуманитар ёрдам ажратишини ҳамда транспорт самолётлари ва кемаларини юборишини маълум
қилган.
БМТ маълумотига кўра, зилзила оқибатлари 6,7 миллионга яқин аҳолига таъсир кўрсатиши мумкин. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат инфратузилмасини тиклаш учун камида 6,7 миллиард доллар талаб этилади.

Изоҳлар мавжуд емас