Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тил — шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки миллатнинг минг йиллик хотираси, дунёқараши ва ўзлигини акс эттирувчи тирик кўзгудир. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам 37 йил бўлди. Шу сана муносабати билан Batafsil.uz мухбири асрлар давомида ўзгарган, маъноси янгиланган ва бошқа тилларга ҳам кириб борган сўзларни жамлади.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: биз бугун кундалик ҳаётда қўллаётган оддий сўзлар асрлар давомида қандай ўзгаришга учраган? Қайси сўз ва тушунчаларимиз дунё бўйлаб тарқалиб, бошқа халқлар луғатига кириб борган?
Она тилимиз бир кечада ёки муайян бир даврда пайдо бўлиб қолган эмас. У минг йиллар давомида сайқалланиб, бир нечта муҳим ва тизимли босқичларни босиб ўтган. Қадимги туркий даврда, яъни олтинчи ва ўнинчи асрларда аждодларимиз тошга ёзилган Ўрхун-Энасой ёзувларидан фойдаланишган бўлса, Маҳмуд Қошғарийнинг "Девону луғатит-турк" китоби айнан шу даврдаги тилимизнинг илк катта хазинаси бўлиб хизмат қилди.
Минтақамизга Ислом дини кириб келиши ва тараққий этиши билан XI–XIV асрларда тилимизга араб ва форс сўзлари сингди, Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг" асари яратилди. Алишер Навоий ва Темурийлар даврида эса тилимиз ўзининг энг юқори чўққисини яшади. Буюк шоиримиз "Муҳокамат ул-луғатайн" асарида туркий тил форс тилидан ҳеч қайси жиҳатдан қолишмаслигини, аксинча, жуда бой ва нафис эканини аниқ мисоллар билан исботлаб берди.
Бугунги адабий тилимиз эса ХХ асрда Чўлпон, Фитрат ва Абдулла Қодирий каби маърифатпарвар аждодларимиз томонидан янада соддалаштирилиб, 1989 йилда унга Давлат тили мақоми берилди.
Қизиғи шундаки, кўпинча чет элдан ёки европача деб ҳисоблайдиган баъзи сўзларимиз аслида ўз шарқона ёки туркий илдизларимизга бориб тақалади. Жаҳон халқлари уларни биздан олиб, ўз талаффузига мослаштириб олишган.
Масалан, бутун дунёда севиб истеъмол қилинадиган "ёгурт" номи минг йил олдин Маҳмуд Қошғарий луғатида айнан "ёғурт" (увитилган, қуюлтирилган сўт) шаклида ёзиб қолдирилган. Дунё бўйлаб тунги кийим сифатида ишлатиладиган "пижама" сўзи аслида шарқона "пойжома" (оёқ кийими, шим) сўзининг европача айтилишидир.
Европа ва рус тилларидаги "курган" (тепалик) сўзи қадимги тилимиздаги "қурмоқ" (бино қилмоқ) ҳаракатидан келиб чиққан бўлса, кўп тилларда ишлатиладиган "караул" сўзи аслида ўзимизнинг "қарамоқ, кузатмоқ" ҳаракатидан пайдо бўлган "қоровул" сўзининг ўзгинасидир.
Ҳатто инглиз тилидаги kiosk (киоск, дўконча) сўзи ҳам аслида туркий ва шарқ тилларидаги "кўшк" (сарой, шипанг) сўзидан дунёга тарқалган. Рус тилидаги "алтын" (тилла, олтин), "деньги" (чиғатойча "танга" сўзидан), "сундук" (сандиқ), "сарай" (сарой), "атаман" (элтаман, етакчи), "базар" (бозор), "аркан" (арқон) ва "халат" (хилат, тўн) каби ўнлаб сўзлар ҳам айнан аждодларимиз луғатидан ўтган.
Тил — тирик организм бўлгани учун вақт ўтиши билан ўзгаради, баъзи сўзлар унутилади, баъзиларининг маъноси тораяди ёки кенгаяди. Қадимда ҳар қандай ёзув, хат ёки китоб "битик" дейилган бўлса, бугун бу сўз асосан тарихий Ёдгорликлар ("тошбитик") маъносида ишлатилади. Илгари "улуш" сўзи бутун бир мамлакат ёки вилоятнинг бўлагини англатган бўлса, бугун фақат овқат ёки мол-мулкнинг ҳиссаси, қисми маъносида қолган.
Қадимги "яғи" сўзи вақт ўтиши билан товуш жиҳатдан ўзгариб бугунги "йов"га айланган. "Кенгаш" илгари шунчаки ўзаро маслаҳатлашувни англатган бўлса, бугун ҳам шу жараённи, ҳам муайян бир ташкилот ёки кенгаш аъзоларини билдиради. Шунингдек, қадимги "очмоқ" феълидан "очқич" (калит) сўзи, "ёзмоқ"дан "ёзуқ" (хат, битик) сўзи пайдо бўлган ва вақт ўтиши билан бугунги шаклига келиб тўхтаган.

Изоҳлар мавжуд емас