Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Дунё мамлакатларининг ҳарбий салоҳиятини мунтазам баҳолаб борувчи Global Firepower (GFP) портали 2026 йил учун янгиланган глобал рейтингини эълон қилди. Ушбу рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари 145 та давлат орасидан 53-ўринни эгаллаб, Марказий Осиё минтақасида мутлақ пешқадамликни сақлаб қолди.
Етакчи манбанинг маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг ҳарбий мудофаа ва техникавий салоҳияти юқори даражада шаклланган.
Жумладан, мамлакат армияси тасарруфида ҳозирда 470 та танк, 8 692 та зирҳли транспорт воситаси, 159 та ҳарбий самолёт ҳамда 101 та вертолёт мавжуд.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳарбий хизматга яроқли аҳоли сони кўрсаткичи бўйича жаҳонда 32-ўринни, мудофаа бюджети ҳажми бўйича эса 49-ўринни эгаллаган.
Марказий Осиё минтақаси давлатларининг ушбу рейтингдаги ўрни таҳлил қилинганда, Ўзбекистоннинг мудофаа қудрати бўйича яққол устунлиги намоён бўлади. Хусусан, қўшни Қозоғистон 58-ўрин, Туркманистон 78-ўрин, Тожикистон 100-ўрин ва Қирғизистон 109-ўринга лойиқ кўрилган.
Дунёнинг энг қудратли армиялари ТОП-10 лигида эса анъанавий равишда АҚШ (0.0741) биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Россия (0.0791) ва Хитой (0.0919) кучли учликни тўлдирган. Кейинги ўринларда Ҳиндистон (4), Жанубий Корея (5), Франция (6), Япония (7), Буюк Британия (8), Туркия (9) ва Италия (10) жой олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ҳарбийлари Жанубий Кореядаги халқаро мусобақада ғолиб бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас