Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида "Ўзбекнефтгаз" нинг фойда билан ишлаётган нефть базалари сони 13 тага етди. Компания берган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг мос даврида 108,3 миллиард сўмлик зарар кўрилган бўлса, жорий даврда 25,2 миллиард сўм соф фойда олинган.
Ташкилотнинг таъкидлашича, нефть базалар тарихида илк бор қайд этилган ушбу натижа тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар амалда ўз молиявий самарасини бераётганини кўрсатмоқда.
Ҳисобот даврида нефть базалар орқали Жамғариб 191 минг тонна маҳсулот етказиб берилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 бараварга кўп бўлиб, тизимдаги савдо фаоллиги сезиларли даражада ошганидан далолат беради.
АЁҚШлардаги кунлик савдо ҳажми эса йил бошидаги 245 минг литрдан 1 миллион 237 минг литрга етган — бу борада қарийб беш бараварлик ўсиш қайд этилган.
Бундан ташқари, ўтган вақт мобайнида 121 та ФЁТШ замонавий АЁҚШга айлантирилган, 56 та шохобчага эса 87 та янги ёқилғи тарқатиш ускунаси ўрнатилган.
Амалга оширилган ишлар натижасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи олдидаги кредитор қарздорлик 296,7 миллиард сўмга, истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги эса 56,8 миллиард сўмга қисқартирилган.
Шунингдек, соҳада инсон омилини камайтириш ҳамда коррупциявий хавфларни чеклаш мақсадида тизимни рақамлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу кунгача 60 та АЁҚШ видеокузатув тизими билан таъминланиб, уларнинг 10 таси марказий аппаратда ташкил этилган вазиятлар марказига интеграция қилинган.
Қолган шохобчаларда ҳам рақамлаштириш ва назорат тизимини жорий этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Олдинроқ "Ўзбекнефтгаз" газ қазиб олишни қарийб 10 фоизга қисқартиришни режалаштирганди.

Изоҳлар мавжуд емас