Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Россияга ишлаш мақсадида борган Ўзбекистон фуқаролари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,2 фоизга қисқарди.
Марказий банкнинг "Меҳнат бозори шарҳи"да маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи ярмида Россияга ишлаш учун борган ўзбекистонликлар сони 1 миллион 179 минг нафарни ташкил этган (2025 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 1 миллион 358 минг нафар бўлган).
Таққослаш учун, 2025 йилда Россияда патент асосида ишлаган ўзбекистонликлар сони умумий ҳисобда 1 миллион 495 минг нафарни ташкил этган.
Марказий банк ташқи меҳнат миграцияси географияси бошқа давлатлар ҳисобига кенгайиб бораётганини қайд этган.
Хусусан, 2025 йилда Европа Иттифоқидаги ўзбекистонлик мигрантлар сони 13,2 фоизга, Туркияда эса 10,7 фоизга ошган. 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, Туркиядаги ўзбекистонликлар сони 70 минг нафарга етиб, йиллик 9,3 фоизга кўпайган. Жанубий Кореяда эса 102,2 минг нафар ўзбекистонлик қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 3,3 фоизлик ўсиш кўрсатилган.
Шу билан бирга, Россиядан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари ҳажми камайгани йўқ. Ҳисоботга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида ушбу давлатдан амалга оширилган пул ўтказмалари йиллик ҳисобда 8,8 фоизга ошган.
Бироқ Марказий банк айрим мамлакатларда меҳнат миграциясининг қисқариши келгусида пул ўтказмалари, уй хўжаликлари даромадлари ва истеъмол талабига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Шунингдек, ҳисоботда 2026 йилнинг II чорагида мамлакат ичида эълон қилинган бўш иш ўринлари сони 9,8 фоизга қисқаргани, иш қидирувчилар фаоллиги юқори сақланиб, меҳнат бозорида рақобат кучайгани таъкидланган.
Олдинроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат патенти асосида ишлайдиган хорижликларга тиббиёт, сартарошлик, косметология, чакана савдо ва фитнес соҳаларида меҳнат қилиш тақиқланганди.

Изоҳлар мавжуд емас