Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги Омoнбой маҳалласида Наврўз шунчаки байрам эмас, балки одамларни бирлаштирадиган, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган муҳим анъанадир. Бу ҳақида ушбу маҳаллада улғайган Хайринисо Улжаева сўзлаб берди.
Байрамга тайёргарлик
Мен Самарқанд вилоятининг Каттақўрғонида туғилиб-ўсганман, ҳозирда эса Тошкентда яшайман. Аммо қаерда бўлмай, Наврўз кунларида доим она қишлоғимни қўмсайман. Бу йил ҳам албатта болажонларим билан бирга она маҳалламга бораман.
Менинг болалигим ўтган маҳаллада Наврўзни барча сабрсизлик билан кутади, айниқса болалар. Атрофда баланд дарахтлар, кенг адирлар бор. Қишдан кейин улар байрамга хос алоҳида муҳит яратади. Бу кунда катта-кичик – барча қувонади.
Байрамга тайёргарлик олдиндан бошланади. Наврўздан бир ҳафта, ўн кун аввал маҳалла ва қишлоқ оқсоқоллари маслаҳатга йиғилади, сўнг бутун аҳолига хабар берилади. Агар кимдир олдиндан ният қилган ёки эҳсон қилишни истаган бўлса, ўз улушини қўшади. Барча харажатлар ҳисобланиб, аҳоли ўртасида тақсимланади.
Сумалак ва буғдой ўстириш
Бизнинг уйда байрамга тайёргарлик қўшниларникига қараганда эртароқ бошланади. Чунки сумалак учун буғдойни ҳар йили онамга ишониб топширишади. Бунинг учун ҳовлимиздаги энг салқин хона танланади. Маҳалла раиси ҳар йили махсус танлаб, ўлчаб олинган буғдойни шахсан олиб келади ва онамга: "Кўпнинг ҳаққини сизга омонат қилиб қолдиряпман", – деб айтади. Бу – буғдойга меҳр билан қараш керак, дегани.
Буғдой ўстириш жараёни
Онам буғдойни ёш боладек авайлаб, ювиб-тозалайди, ҳар куни қанча сув сепиш кераклигини ҳисоблаб чиқади ва уни илдиз отиши учун махсус жойга ёйиб қўяди. 20 мартга келиб буғдой сумалак тайёрлаш учун тайёр бўлиши шарт.
Энг қизиғи. буғдойга кунига тўрт маҳал сув сепилади ва ҳар сафар қўшнилар навбат билан ёрдам беришади. Онамнинг айтишича, кўпнинг қўли тегса, сумалак янада мазали чиқади. Баъзан ўйлаб қоламан: сув ҳам бир жойдан олинади, челак ҳам бир хил, фақат сув сепадиган қўллар ҳар сафар бошқа-бошқа…
Катта қозонлар ва байрам таомлари
Бизнинг маҳаллада учта жуда катта дошқозон бор, бундайларини бошқа ҳеч қаерда кўрмаганман. Бирида сумалак, иккинчисида ҳалиса, учинчисида эса жуда мазали нўхат шўрва қайнайди. Она қишлоғимни жуда соғиндим!
Ҳар йили отам ҳалиса тайёрлашда бош-қош бўладилар. Бизда ҳалим "ҳалиса" деб аталади. Бу сатрларни ёзаётганда ҳам унинг ҳиди гўё яна ҳис этилгандек бўлади. Ҳалиса тайёрланадиган кечада отам, унинг тўрт дўсти ва ёрдамчилар тун бўйи ухламай ишлашади. Бутун маҳалла учун ҳалиса тайёрлаш – катта масъулият.
Аралаштириш учун махсус узун ёғоч асбоблардан фойдаланилади. Ҳалиса керакли ҳолатга келгач, қозон ёпилиб, дамга қўйилади.
Ҳалисани доимий равишда аралаштириб туриш керак
Байрам тонги ва дастурхон
21 март тонгида аёллар баҳорий таомларини олиб чиқишади. Маҳалла атрофига стол-стуллар қўйилиб, жой тайёрланади. Эркаклар дастурхонни ўзлари безашади, хуллас, кўтаринки кайфият учун барча шароит яратилади.
Байрамни маҳалланинг ҳурматли оқсоқоллари очиб беришади. Дастурхонга ҳалиса, сумалак ва нўхат шўрва тортилади. Бу тахминан соат ўнларгача давом этади. Бу вақтгача аёллар уй ишларини битириб, ўзларига оро беришади. Келинчаклар сепларидаги энг чиройли кийимларни кийиб чиқишади.
Сўнг эркаклар биз – аёллар учун яна бир дастурхон ёзишади. Бу кун биз учун ҳақиқий байрам: барча юмушларни маҳалланинг ёш йигитлари бажаради, биз эса фақат ҳордиқ чиқарамиз. Дастурхонда турли таомлар: сумалак, ҳалиса, нўхат шўрва, кўк сомса, чучвара, бичак ва бошқалар – ҳаммаси жуда мазали.
Келинчаклар "келин салом" қилишади. Бувижонларимиз эса анъанага кўра бизга усма ва ҳино қўйишади. Кичик қизалоқлар янги атлас кўйлаклари, майда ўрилган сочлари ва дўппилари билан атрофни гўё қуёш нури каби ёритади. Болалар эса варрак учиришда мусобақалашишади.
Наврўз сайлида арғимчоқ учиш
Биз овқатланиб бўлгунимизча, йигитлар баланд аргимчоқлар тайёрлаб қўйишади. Ҳамма навбат билан учишади. Мен энг кўп шу лаҳзаларни яхши кўраман – гўё қанот чиқаргандек бўламан.
Шу унутилмас дамлар учун маҳалладошларимга чин қалбдан миннатдорчилик билдираман.
Таҳририятдан. Batafsil.uz ўқувчилари мамлакатнинг турли ҳудудларида Наврўз қандай нишонланиши ҳақида ўз ҳикоялари билан бўлишди. Биз эса энг қизиқарли ҳикояларни чоп этиб, байрамнинг ўзига хос анъаналари билан сизларни таништиришда давом этамиз.
Барча тасвирлар ChatGPT томонидан яратилган.

Изоҳлар мавжуд емас