Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Давлат департаменти ўзининг 2026 йил учун Fiscal Transparency Report (Фискал шаффофлик ҳисоботи) натижаларини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон бюджет шаффофлиги бўйича белгиланган минимал талабларга жавоб бермаган давлатлар қаторига кирди.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, АҚШ Давлат департаменти томонидан жами 139 та ҳукумат ва Фаластин маъмурияти баҳоланган. Улардан 73 таси минимал талабларга жавоб берган, 67 таси эса белгиланган мезонларни бажармаган. Минимал талабларга жавоб бермаган давлатларнинг 14 тасида сезиларли ижобий силжиш қайд этилган. Ўзбекистон эса ушбу гуруҳга кирмаган.
Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмига кўра, ҳукумат бюджет лойиҳасини, тасдиқланган бюджетни ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ўз вақтида эълон қилган. Ушбу ҳужжатлар режалаштирилган даромад ва харажатлар ҳақида етарлича тўлиқ тасаввур берган, харажатлар вазирликлар кесимида тақсимланган. Шунингдек, барча муҳим бюджетдан ташқари маблағлар ошкор қилинган, ҳарбий ва разведка хизматлари бюджетлари парламент ёки фуқаролик жамоатчилиги назоратидан ўтказилган.
Бундан ташқари, Олий аудит органининг мустақиллиги халқаро стандартларга мос келиши, аудитлар йиллик ижро этилган бюджетни тўлиқ қамраб олиши ва муҳим хулоса ҳамда тавсияларни ўз ичига олиши ижобий омил сифатида қайд этилган. Табиий ресурсларни қазиб олиш учун шартнома ва лицензиялар бериш тартиб-қоидалари белгилангани ва улар амалда бажарилаётгани, шунингдек, суверен жамғарманинг ишончли ҳуқуқий асосга эга экани ҳам таъкидланган.
Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти бир нечта асосий камчиликларни кўрсатиб ўтди:
- давлат қарз мажбуриятлари, жумладан, йирик давлат корхоналарининг қарзлари ҳақида тўлиқ маълумотлар ошкор этилмаган;
- хорижий қарз олувчиларга берилган суверен кредитлар шартлари эълон қилинмаган;
- табиий ресурслардан олинадиган даромадлар тўғрисида батафсил маълумотлар оммага очиқ эмас;
- давлат харидлари бўйича тузилган шартномалар ҳақидаги маълумотлар эълон қилинмаган.
АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонга бюджет ҳужжатларида йирик давлат корхоналари билан боғлиқ маблағлар, жумладан, уларга ажратиладиган маблағлар ва улардан тушадиган даромадлар ҳақида маълумот бериш, давлат қарз мажбуриятларини тўлиқ ошкор қилиш, хорижий қарз олувчиларга берилган суверен кредитлар шартларини ҳамда давлат харидлари бўйича шартномалар ҳақидаги маълумотларни эълон қилишни тавсия этган.
Марказий Осиё минтақасида бу борадаги манзара турлича шаклланган. Қозоғистон ва Қирғизистон минимал талабларни бажарган мамлакатлар қаторига кирган бўлса, Тожикистон ва Туркманистон ҳам Ўзбекистон сингари белгиланган мезонларни бажара олмаган.

Изоҳлар мавжуд емас