Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистонда фаолият юритаётган қуролли гуруҳлар борасидаги хавотирларга қарамай, Кобул билан савдо ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришни давом эттирмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Туркманистон минтақани Жанубий Осиё билан боғловчи савдо, энергетика ҳамда транспорт лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдорлик билдирмоқда.
Тожикистон эса анъанавий равишда Толибонга нисбатан танқидий позицияни эгаллаб, Афғонистон билан узоқ чегарадош ҳудудларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу билан бирга, Россия ва Хитой Афғонистон расмийларидан минтақавий хавфсизликка таҳдид солувчи қуролли ташкилотлар фаолиятига қарши кафолатлар сўраган. 16 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган анжуманда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров экстремистик ташкилотлар Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан чегарадош Афғонистон вилоятларида сезиларли даражада мавжудлигини қайд этган.
Лавров, айниқса, "Ислом давлати Хуросон вилояти" (ISDXV) гуруҳини асосий таҳдид сифатида кўрсатиб, жангарилар Марказий Осиё ва Россияга ўз таъсирини ёйиш учун Афғонистон ҳудудидан фойдаланишга уринаётганидан огоҳлантирган.
Россия ва Хитой жангариларга қарши курашишда Кобул расмийлари билан ҳамкорлик қилишни маъқул кўрган. Москва Толибоннинг мамлакат ҳудудини назорат қилиши уларни хавфсизлик учун масъул қилиб қўйишини таъкидлаб, уларни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда. Хитой ҳам Афғонистондан уюштирилган ҳужумлар оқибатида Тожикистонда беш нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлганидан сўнг, Кобулни террорчи гуруҳларни йўқ қилиш бўйича аниқ чоралар кўришга чақирган.
Шу билан бирга, БМТ маълумотларига кўра, Афғонистон ичида Толибонга қарши қуролли мухолифат гуруҳларининг (Миллий қаршилик фронти ва Озодлик фронти) ҳужумлари ҳам кўпайган, бироқ уларнинг мақсади халқаро террорчилик эмас, балки мамлакат ичида қаршилик кўрсатиш билан чекланган.
Хавфсизлик муаммоларидан ташқари, Афғонистон чуқур гуманитар ва иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. БМТ таҳлилларига кўра, 19,2 миллион афғонистонлик озиқ-овқат хавфсизлиги танглигига дуч келиши мумкин, бу эса аҳолининг 38 фоизини ташкил этган.
Ишсизлик, халқаро ёрдамнинг камайиши ҳамда Эрон ва Покистондан 1,2 миллиондан ортиқ қочқиннинг мажбурий қайтарилиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Бундан ташқари, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара тўқнашувлари савдо алоқаларини тўхтатиб қўймоқда, бу эса Афғонистон орқали Жанубий Осиё бозорларига чиқишни режалаштирган Марказий Осиё давлатлари учун муҳим транзит йўналишларининг ишончлилигига хавф солмоқда.
Олдинроқ Ўзбекистон делегацияси Қобулда йирик қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас