Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатнинг суверен қарзи деярли 40,4 триллион долларни ташкил этди. Жорий йилнинг август ойида қайд этилган 40 триллион долларлик рекорд маррадан сўнг, давлат томонидан олинган қарзлар ҳажми яна 1 фоизга ўсган.
Ўзи август ойидаёқ мамлакат давлат қарзи тарихий рекордни янгилаб, 40 триллион долларлик маррадан ошганди. Ушбу кўрсаткич атиги беш ой аввал 39 триллион долларни ташкил этган бўлган.
Яқин 10 йил ичида АҚШ давлат қарзи мамлакат Ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 120 фоизигача етиши мумкин. Бу федерал ҳукуматнинг қарзи АҚШ иқтисодиётининг йиллик умумий ишлаб чиқариш ҳажмидан сезиларли даражада ошиб кетишидан далолат беради.
Ҳозирда Вашингтон ҳар йили давлат қарзи бўйича фоизларни тўлашнинг ўзига 970 миллиард доллар атрофида маблағ сарфламоқда. Бу кўрсаткич мамлакатнинг йиллик ҳарбий харажатларидан ҳам юқори бўлиб, 2020 йилдан бери 3 бараварга кўпайган.
Питерсон номидаги Жаҳон иқтисодиёти институти баҳолашича, агар бюджет харажатлари ислоҳ қилинмаса ва солиқ тизими қайта кўриб чиқилмаса, орадан 6 йил ўтиб мамлакат қарзи 50 триллион долларлик муҳим чегарадан ўтиб кетиши мумкин.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, АҚШ бюджет дефицитининг сурункали равишда ўсиб боришига аҳолининг қариши ортидан тиббий ва ижтимоий таъминот харажатларининг кўпайиши ҳамда геосиёсий кескинликлар фонида мудофаа бюджетининг кенгайиши асосий сабаб бўлган.
Шу билан бирга, АҚШ Федерал захира тизими томонидан инфляцияга қарши курашиш мақсадида асосий фоиз ставкасининг юқори даражада ушлаб турилиши давлат облигациялари бўйича тўланадиган фоиз тўловларини кескин қимматлаштирган.
Бу ҳолат халқаро майдонда дедолларизация жараёнларининг тезлашишига ва марказий банклар томонидан олтин ҳамда муқобил валюталар резервларини кўпайтиришга туртки берган.

Изоҳлар мавжуд емас