Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларида, айниқса, қиш мавсумида PM2.5 майда заррачалари концентратсияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) меъёрларидан 6–12 бараваргача ошиб кетади. Ўпкага чуқур кириб борадиган ушбу заррачалар нафас олиш ва юрак-қон томир касалликлари хавфини ортиради.
Совуқ кунларда транспорт ҳамда иситиш тизимларидан чиқувчи чиқиндилар ер юзасига яқин ҳудудда тўпланиб, шамол сустлиги ва ҳарорат ўзгариши (инверсия) сабабли бир неча кунлаб шаҳарлар тепасида сақланиб қолади.
Олмаотада иситиш мавсуми 9 октябрдан бошланди, бироқ шаҳарнинг энг йирик иссиқлик манбаларидан бири бўлган 2-ИЭСни модернизация қилиш ҳали якунлангани йўқ.
Корхонани кўмирдан табиий газга ўтказиш бўйича 325,9 миллиард тенгелик (қарийб 720 миллион доллар) лойиҳа зарарли чиқиндиларни йилига 37 300 тоннадан 2 700 тоннагача камайтириши кутилмоқда.
Ҳужжатларга кўра, кўмирда ишловчи қозонхоналар 2027–2029 йилларда ҳам газ қурилмалари билан параллел равишда ишлайди ва газ танқислиги хавфи сабабли 2030 йилларгача фойдаланишга шай ҳолатда сақланади.
Шунингдек, шаҳарда транспорт чиқиндиларини камайтириш мақсадида махсус экологик зоналар ва автомашиналардан чиқаётган газларни текшириш йўлга қўйилган.
Бишкекда эса қишки ифлосланишнинг асосий манбаи хусусий хонадонларни кўмир билан иситиш ҳисобланади — ҳаво ифлосланишининг 29 фоизи турар-жой сектори, 27 фоизи транспорт ва 21 фоизи чанг ҳиссасига тўғри келади.
Шаҳар ҳокимияти майда кўмир сотиш ва ундан фойдаланишни чеклаган бўлса-да, кўпчилик аҳоли учун кўмир энг арзон ва қулай ёқилғи бўлиб қолмоқда. Муқобил иситиш тизимларининг қимматлиги сабабли Жаҳон банки Қирғизистонга 50 миллион долларлик ҳаво сифатини яхшилаш ва хонадонларни тоза иситиш манбаларига ўтказиш лойиҳасини ажратган.
Ўзбекистонда ҳам ҳаво сифати масаласи долзарблигича қолмоқда. "Ўзгидромет" маълумотларига кўра, кеча мамлакатнинг саккизта шаҳрида — Ангрен, Гулистон, Қарши, Наманган, Нурафшон, Оҳангарон, Олмалиқ ва Чирчиқда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши кузатилган.
Шу билан бирга, Андижон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Термиз, Фарғона, Урганч ва Нукусда бундай ҳолат қайд этилмаган, Навоий шаҳридаги станциядан эса маълумот олинмаган.
Аввалроқ, жорий октябрь бошида муайян даражада ифлосланиш кузатилганига қарамай, пойтахтда йилнинг аксарият қисмида ҳавонинг ифлосланиш даражаси пасайгани қайд этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас