Загрузка
Загрузка
Тошкентда "Олтин глобус": жаҳон киноиндустрияси нима учун Марказий Осиёга эътибор қаратди?
Маданият

Тошкентда "Олтин глобус": жаҳон киноиндустрияси нима учун Марказий Осиёга эътибор қаратди?

12
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Тошкент икки кун давомида жаҳон ва минтақавий киноиндустрия вакиллари учрашадиган майдонга айланди. 24 октябрь куни бу ерда Марказий Осиё ва Кавказ кинематографларининг ютуқларига бағишланган Golden Globes Silk Road Tribute Gala маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Голливуд юлдузлари ҳамда минтақа мамлакатлари кино санъати вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистондан олти нафар актёр ва режиссёр мукофот билан тақдирланди. Batafsil.uz мухбири халқаро эътибор минтақавий кино учун қандай имкониятлар очиши мумкинлиги ҳақида тадбир иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Тошкентда қизил гилам тўшалди

24 октябрь куни Golden Globes Silk Road Tribute Gala тантанали кечаси олдидан киноиндустрия вакиллари, санъаткорлар ҳамда таклиф этилган меҳмонлар қизил гиламдан ўтишди. Маросим пойтахтдаги JW Marriott меҳмонхонасида ташкил этилди.

Тадбирда кино ва телевидение соҳасининг таниқли вакиллари, шунингдек, маданият ва медиа соҳаси намояндалари қатнашди. Қизил гиламдан америкалик актёр Эдриан Броуди, актриса ва модель Ольга Куриленко, актриса ҳамда Чарли Чаплиннинг невараси Кира Чаплин, телебошловчи ва жамоат арбоби Ляйсан Утяшева, комик Павел Воля, продюсер Светлана Бондарчук ва хонанда Алексей Воробьёв ўтди.

Маросимда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари киноиндустрияси вакиллари ҳам иштирок этди. Улар учун тадбир минтақавий муаллифларнинг ижодий ишларини халқаро аудиторияга таништириш ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имкониятини яратди.

Golden Globes Silk Road Tribute Gala Тошкентда 23–24 октябрь кунлари ўтказилган икки кунлик дастурнинг асосий воқеаси бўлди.

Golden Globes Silk Road Tribute Gala нима?

Golden Globes, яъни "Олтин глобус" — кино ва телевидение соҳасидаги машҳур халқаро мукофотлардан бири. Унинг асосий йиллик тақдирлаш маросими анъанавий равишда АҚШда ўтказилади ва жаҳон киноси ҳамда телевидение саноатидаги ютуқларни эътироф этади.

Тошкентдаги тадбир эса "Олтин глобус"нинг йиллик асосий тақдирлаш маросими эмас. Golden Globes Silk Road Tribute Gala — Марказий Осиё ва Кавказ кинематографларининг ютуқларини эътироф этиш учун ташкил этилган алоҳида минтақавий лойиҳа.

Лойиҳа номи асрлар давомида турли минтақалар ва маданиятларни боғлаб келган тарихий Ипак йўлига ишора қилади. Ташкилотчилар ушбу ғояни умумий тарих, маданий алоқалар ва ўзига хос ҳикоя қилиш анъаналарига эга мамлакатлар кинематографларини бирлаштириш учун асос сифатида танлаган.

"Олтин глобус" президенти Ҳелен Ҳене тадбирнинг расмий эълонида мукофотга номзод бўлган ижодкорларнинг ишлари Марказий Осиё ва Кавказнинг бой ижодий анъаналарини акс эттириши, шунингдек, минтақа ҳикояларини ўз мамлакатларидаги ва хориждаги томошабинларга етказишга хизмат қилишини таъкидлаган.

Шу боис Тошкентдаги тадбирнинг мақсади фақат айрим санъаткорларни тақдирлашдан иборат бўлмаган. Умуман, минтақавий киноиндустрияга халқаро эътиборни жалб қилиш ҳам лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири бўлган.

2026 йил март ойида Golden Globes Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ҳам шунга ўхшаш махсус тадбир — Golden Globes Tribute Gala Brazil маросимини ўтказган. Тошкентдаги маросим ушбу халқаро ташаббуснинг кейинги босқичи бўлди.

Нима учун тадбир Ўзбекистонда ўтказилди?

Ташкилотчилар Тошкент танланишини Марказий Осиё ва Кавказнинг ижодий салоҳиятини халқаро аудиторияга танитиш ҳамда кино соҳасидаги профессионал ҳамкорлик учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсади билан изоҳлаган. Бу жараёнда Ўзбекистон минтақа ва халқаро киноиндустрия вакилларини бир жойга тўплаган мезбон мамлакат сифатида иштирок этди.

Сентябрь ойида Ўзбекистон Маданият вазирлиги маросимни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган. Маданият вазири Озодбек Назарбеков тадбирни ташкил этишда иштирок этган Россиянинг LETO Production компанияси вакиллари билан учрашган. Томонлар гала-кечага тайёргарлик ва ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Вазирлик маълумотига кўра, маросимнинг Тошкентда ўтказилиши миллий санъатни тарғиб қилиш, мамлакатнинг халқаро маданий нуфузини мустаҳкамлаш ва киноиндустрияда янги алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Ўзбекистон учун бу тадбир мамлакатни нафақат бой маданий меросга эга давлат, балки халқаро маданий лойиҳаларни ўтказиш майдони сифатида ҳам намоён этиш имконияти бўлди.

Мукофотни кимлар олди?

14 октябрь куни Golden Globes Silk Road Tribute Gala илк маросимининг олти нафар лауреати номини эълон қилди. Улар Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистон вакилларидир.

Мукофотлар учта йўналиш — Meridian Award, Trailblazer Award ва Beacon Award бўйича топширилди. Ушбу номинациялар кино ва телевидение ривожига қўшилган турли ҳиссаларни: кўп йиллик касбий фаолият, янгича ижодий ёндашувлар ҳамда янги авлод санъаткорларининг ютуқларини эътироф этишга қаратилган.

Meridian Award мукофоти

Golden Globes Meridian Award мукофоти Ўзбекистоннинг икки вакили — актриса Гулчеҳра Жамилова ва режиссёр Али Ҳамроевга берилди.

Гулчеҳра Жамилова — театр, кино ва телевидение актрисаси. Унинг ижодий фаолияти олти ўн йилдан ортиқ вақтни қамраб олади. Актрисанинг энг машҳур ролларидан бири Абдулла Қодирийнинг шу номдаги романи асосида суратга олинган "Ўткан кунлар" фильмидаги Кумуш образидир. 1992 йилда унга Ўзбекистон халқ артисти унвони берилган.

Али Ҳамроев — режиссёр, сценарийнавис ва продюсер, ўзбек ҳамда Марказий Осиё киносида муҳим ўрин тутган ижодкорлардан бири. У фаолияти давомида 20 дан ортиқ бадиий ва 30 та ҳужжатли фильм суратга олган.

Режиссёрнинг машҳур ишлари қаторига "Еттинчи ўқ", "Одам қушлар ортидан боради", "Телохранитель" ва "Орзулар боғи" фильмлари киради. У ўз ижодида эркинлик, инсон қадр-қиммати ва Шарқ халқлари ҳаёти мавзуларига мурожаат қилиб, минтақа тарихи ҳамда маданиятига ўзига хос нигоҳни шакллантирган.

Meridian Award мукофоти кўп йиллик фаолияти кино, телевидение ва минтақанинг маданий ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатган, эътироф этилган санъаткорларга берилади.

Trailblazer Award мукофоти

Golden Globes Trailblazer Award мукофоти Озарбайжонлик режиссёр, сценарийнавис ва актриса Тахмина Рафаэлла ҳамда грузиялик режиссёр Леван Когуашвилига топширилди.

Тахмина Рафаэлла режиссёр сифатида тўлиқ метражли кинодаги дебютини "Бану" фильми билан амалга оширган. Лойиҳа Biennale College Cinema дастури доирасида ишлаб чиқилган ва Венеция халқаро кинофестивалида намойиш этилган.

Унинг "Аёл" номли қисқа метражли фильми халқаро кинофестивалларда иштирок этган ва BendFilm фестивалида энг яхши бадиий қисқа метражли фильм мукофотига сазовор бўлган.

Леван Когуашвили режиссёр, сценарийнавис ва продюсер сифатида танилган. Унинг фильмлари орасида "Кўр учрашувлар", "Кўча кунлари", "Гогитанинг янги ҳаёти" ва "Брайтон 4" бор. "Брайтон 4" фильми Tribeca фестивалида энг яхши халқаро тўлиқ метражли бадиий фильм мукофотини қўлга киритган.

Trailblazer Award йўналиши ижодий ёндашувлари ва ишлари минтақавий кино ҳамда телевидение саноатининг ривожига ҳисса қўшаётган муаллифларни эътироф этиш учун таъсис этилган.

Beacon Award мукофоти

Golden Globes Beacon Award мукофоти қозоғистонлик актриса Шуғила Ешен ва арманистонлик актёр Самвел Тадевосянга берилди.

Шуғила Ешен театр ва кино соҳасида фаолият юритади. У Қозоғистондаги театр саҳналари ва экран лойиҳаларидаги иштироки, жумладан, "ШЕКЕР. Сўнгги имконият" сериалидаги роли орқали танилган. Актрисанинг ютуқлари орасида ALTYN SAQA янги саҳна асарлари ва спектакллар фестивали мукофотлари ҳам бор.

Самвел Тадевосян театр, кино ва телевидение актёри. Унинг эътиборга молик ишларидан бири — "Ҳаёт ва кураш" ҳарбий драмасидаги бош рол. Ушбу ижроси актёрга Арманистонда эътироф олиб келган. Унинг мукофотлари қаторида Арманистон Республикаси Давлат мукофоти ва Арманистон Миллий киноакадемиясининг "Анаит" мукофоти бор.

Beacon Award минтақавий кино ва телевидениенинг келгуси ривожи учун салоҳиятини намоён этаётган янги авлод санъаткорларини тақдирлашга мўлжалланган.

Бутун дунёга қизиқ бўлган ҳикоялар

Тадбирда муҳокама қилинган мавзулардан бири Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида қўшма кино ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўлди.

Қозоғистонлик актёр Санжар Мади Batafsil.uz мухбири билан суҳбатда минтақадаги давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик маҳаллий киноиндустрия тараққиётининг асосий йўналишларидан бирига айланиши мумкинлигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, актёрнинг ўзи ҳам Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигида яратилган лойиҳаларда иштирок этган.

"Биз Ўзбекистон билан биргаликда "Темурлан" фильмини суратга олдик. Бу йил эса "1+3" фильмини ишладик. Бу Қозоғистон продакшни, аммо Ўзбекистон продакшни ёрдамида амалга оширилди. Бу ерда тахминан бир ой суратга олиш ишларини олиб бордик", — деди актёр.

Унинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорликка ўзаро қизиқиш мавжуд. Бунинг сабаби — маданий яқинлик, умумий тарих ва кино орқали очиб бериш мумкин бўлган ўхшаш мавзулар.

"Биз бир-биримизга керакмиз, бозорларимиз ҳам бир-бирига керак. Ҳозир геосиёсий вазият ўзгармоқда ва менимча, ўзимизда, яқин қўшниларимиз билан биргаликда суратга олаётган фильмларимиз бизга ёрдам беради. Бизда ҳикоялар жуда кўп, умумий жиҳатларимиз ҳам талайгина. Бу ҳақда ҳикоя қилишимиз керак", — дея таъкидлади Санжар Мади.

Актёрнинг фикрича, минтақадаги кинематографчилар нафақат маҳаллий томошабинлар учун фильмлар яратиши, балки хорижий бозорларга чиқиш йўлларини ҳам излаши керак.

"Биз ўз фильмларимизни ҳамкорликда суратга олиб, ўз мамлакатларимизда намойиш этишимиз ёки экспортга сотишимиз мумкин. Марказий Осиё ҳикоялари бутун дунё учун жуда қизиқ", — деди у.

Санжар Мадининг фикрича, минтақа мамлакатларининг ҳар бирида кино ишлаб чиқаришнинг ўзига хос ёндашуви тарихан шаклланган. Унинг баҳолашича, ўзбек киноси узоқ вақт давомида хорижий кинематографга кириш имкониятлари чекланган ва кам бюджетли фильмлар кўп ишлаб чиқарилган шароитда ривожланган. Қирғиз киноиндустрияси эса муаллифлик киносига катта эътибор қаратган. Бу йўналиш вакиллари халқаро кинофестивалларда эътирофга сазовор бўлган. Қозоғистон киноси, актёрнинг айтишича, катта бюджетли лойиҳалар ва блокбастерлар ишлаб чиқаришга асосланган Америка моделига кўпроқ йўналган.

"Ҳозир ҳаммаси ўзгаришни бошлаяпти. Қирғиз киноси қайта тикланмоқда, биз ўзбек фильмлари ривожланаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Ҳамкорликдаги лойиҳаларни суратга оляпмиз. Энди қандайдир универсал жанр пайдо бўлиши керак", — деди актёр.

Санжар Мади келгусида ижодини кузатишга арзийдиган ёш санъаткорлар қаторида ўзбекистонлик актриса Юлдуз Ражабова ва Тошкентдаги маросимда Beacon Award мукофотини олган қозоғистонлик актриса Шуғила Ешенни ҳам тилга олди.

Озодбек Назарбеков: мустақил кино учун бозор керак

Ўзбек киноси тараққиёти ва мустақил кинематографчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари Batafsil.uz мухбири билан маданият вазири Озодбек Назарбеков ўртасидаги суҳбатда ҳам муҳокама қилинди.

Мамлакатда миллий кино фаоллашувининг сабаблари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, вазир буни давлат даражасида маданиятга эътибор кучайгани билан боғлади.

"Шахсан Президентнинг ўзи қизиқиш билдира бошлади. Ҳозир Ўзбекистонда, бу сир эмас, ҳамма соҳада юксалиш кузатилмоқда. Энди санъат ва кинонинг ҳам вақти келди. Менимча, биз бошқалардан кам эмасмиз", — деди Назарбеков.

Шу билан бирга, вазир мамлакатда мустақил кино ҳали ривожланишнинг дастлабки босқичида эканини тан олди. Унинг айтишича, давлат хусусий секторга, жумладан, фильмларни мустақил ишлаб чиқараётган кинематографчиларга кўпроқ эътибор қарата бошлаган.

"Мустақил кинони, айниқса, хусусий секторни ва бу соҳада фаолият юритаётган хусусий кинематографчиларни эндигина ривожлантира бошлаяпмиз. Ҳозир айнан хусусий секторга кўпроқ эътибор қаратяпмиз", — деди у.

Озодбек Назарбеков соҳанинг кейинги ривожи учун тўлақонли кино бозорини шакллантиришни муҳим шартлардан бири сифатида кўрсатди.

Бу масала киноиндустрия учун муҳим аҳамиятга эга. Мустақил кинематографчиларнинг имкониятлари нафақат иқтидорли режиссёр ва актёрлар мавжудлигига, балки молиялаштириш, фильм ишлаб чиқариш инфратузилмаси, прокат ва томошабинлар аудиториясига чиқиш имкониятларига ҳам боғлиқ.

Golden Globes Silk Road Tribute Gala маросимининг миллий кино учун аҳамияти ҳақида гапирар экан, Озодбек Назарбеков халқаро мутахассислар билан мулоқот қилиш имкониятига эътибор қаратди.

"Бутун дунёдан мутахассислар тўпланадиган майдончалар муҳим. Менимча, бундай тадбирлар ҳар бир режиссёр ва актёрнинг дунёқарашини янгилайди", — деди у.

Тадбир минтақавий кино учун қандай имкониятлар яратади?

Golden Globes Silk Road Tribute Gala маросимининг Тошкентда ўтказилиши Марказий Осиёнинг жаҳон киноиндустриясидаги ўрни ҳақидаги кенгроқ муҳокаманинг бир қисмига айланди.

Минтақа мамлакатларининг ўз кино анъаналари, танилган актёр ва режиссёрлари, умумий тарих ҳамда миллий маданиятга асосланган ҳикоялари бор. Бироқ халқаро кинофестивалларда иштирок этиш ва хорижий бозорларга чиқиш учун ижодий салоҳиятнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун фильмларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва тарғиб қилиш тизими ҳам ривожланган бўлиши керак.

Бу борадаги имкониятлардан бири — қўшма кино лойиҳаларини ишлаб чиқариш. Бундай ҳамкорлик мамлакатларнинг молиявий ва техник ресурсларини бирлаштириш, қўшни давлатлар мутахассисларини жалб қилиш ҳамда кенгроқ аудиторияга чиқиш имконини беради.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...