Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 27 октябрь куни Юнусобод ва Янгиҳаёт туманларининг айрим ҳудудларида таъмирлаш ишлари сабабли табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилади. Юнусобод туманидаги айрим истеъмолчиларда газ соат 09:00 дан 18:00 гача, Янгиҳаёт туманида эса 11:00 дан 16:00 гача бўлмайди.
"Ҳудудгаз пойтахт" газ таъминоти филиали маълум қилишича, Юнусобод туманидаги "Фирдавсий" маҳалласи, Бодомзор йўлида жойлашган ер ости паст босимли газ қувурини хавфсиз жойга кўчириш режалаштирилган. Шунингдек, "Қадирдон" маҳалласи, Янги Шаҳар кўчасидаги ўрта босимли газ қувурида аниқланган сизиб чиқиш ҳолатини бартараф этиш ишлари ҳам олиб борилади.
"Фирдавсий" маҳалласидаги таъмирлаш ишлари сабабли "Буюк Турон" маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг 250 та хонадон ҳамда "Мирзо Улуғбек" маҳалласи, 2-тор Осиё кўчасидаги 120 та хонадон газ таъминотидан вақтинча узилади. Шунингдек, ушбу маҳаллалардаги "Маҳалла 90" кафеси, "Зебу Зар" тўйхонаси, "Сардоба" кафеси ва бошқа 28 та улгуржи истеъмолчида газ бўлмайди.
"Қадирдон" маҳалласидаги қувурдаги носозликни бартараф этиш учун эса "Отчопар-2" маҳалласи, Олтин Мерос кўчасидаги 100 та хонадоннинг газ таъминоти тўхтатилади. Шунингдек, Неврология муассасаси, Архитектура институти, сил касалликлари клиникаси, "Аҳмад Жўжа" кафеси ва маҳалладаги бошқа 10 та улгуржи истеъмолчи ҳам газсиз қолади.
Янгиҳаёт туманидаги "Ёрқин Ҳаёт" маҳалласи, Спутник-16 мавзесида эса маънан эскирган газ тақсимлаш пункти ўрнига янги ускуна ўрнатилади. Шу сабабли ушбу ҳудуддаги кўп қаватли уйнинг 150 та хонадон ва яна икки улгуржи истеъмолчининг газ таъминоти соат 11:00 дан 16:00 гача вақтинча тўхтатилади.
Таъмирлаш ишлари якунлангач, табиий газ таъминоти босқичма-босқич тикланиши маълум қилинди.

Изоҳлар мавжуд емас