Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 6 сентябрь куни пойтахтда Тошкент замонавий санъат маркази — CCA Tashkent ўз фаолиятини бошлайди. Марказ бир асрдан ортиқ тарихга эга бўлган бинода замонавий санъат, таълим, тадқиқот ва маданий мулоқот учун янги макон сифатида ташкил этилган.
1912 йилда меъмор Вилгелм Гейнцелман лойиҳаси асосида қурилган бино дастлаб трамвай депоси, кейинчалик дизель электр станцияси сифатида фойдаланилган. Бугун эса иншоотнинг тарихий қиёфаси ва индустриал руҳи сақланган ҳолда, замонавий маданий марказга айлантирилган.
Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳа тарихий меросни асраб-авайлаш ва унга замонавий мазмун беришга қаратилган. Франциянинг Studio KO бюроси ишлаб чиққан архитектура концепцияси тарихий мерос ва замонавий инфратузилмани уйғунлаштирган.
Марказда кўргазма заллари, таълим ва жамоат майдонлари, кутубхона ҳамда тадқиқот инфратузилмаси фаолият юритади.
CCA Tashkent биносида замонавий санъат кўргазмаларидан ташқари маърузалар, кинолар намойиши, тадқиқотлар, мунозаралар, концертлар, перформанслар ва турли маданий-таълим тадбирлари ўтказилади.
Марказ Тошкентнинг, шунингдек, Марказий Осиёнинг янги маданий жозиба нуқталаридан бирига айланиши кутилмоқда.
Олдинроқ Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий меросни асраб-авайлаш ҳамда уни халқаро майдонда оммалаштиришга қаратилган лойиҳалар ва тадбирлар тақдимоти билан танишганди. Тақдим этилган ташаббуслар қаторида Буюк князь Николай Романов саройида Ўзбекистон Давлат санъат музейининг филиалини ташкил этиш ҳам бор эди.

Изоҳлар мавжуд емас