Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли хонанда ва мумтоз мақом ижрочиси Хадия Юсупова 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбек миллий мақом санъати маркази маълум қилди.
Хадия Юсупова 1938 йил сентябрь ойида Наманган шаҳрида туғилган. У санъатга жуда эрта қизиқиб, уч ёшиданоқ қўшиқ куйлай бошлаган.
Санъаткор ўзининг бутун умрини миллий мусиқа ва мақом санъатини ривожлантиришга бағишлаган. У 1956 йилда Москва шаҳрида ўтказилган халқаро ёшлар фестивалида биринчи ўринни қўлга киритган. Орадан бир йил ўтиб, Ўзбекистон давлат филармониясига ишга қабул қилинган.
Кейинчалик у Ўзбекистон радиоси қошидаги ансамблда фаолият юритиб, машҳур санъаткорлар Берта Давидова ва Коммуна Исмоилова билан бирга ижод қилган.
1958 йилда эса машҳур бастакор ва мақомшунос Юнус Ражабий раҳбарлигида ташкил этилган "Мақом" ансамбли таркибига қўшилган. У мақом санъатининг нодир намуналарини чуқур ўрганиб, уларни юқори маҳорат билан ижро этди. Хонанданинг "Шоҳи белбоғ", "Кўнгил ол" ва "Савти Сабо" каби мумтоз ашулалари миллий мусиқа хазинасидан муносиб ўрин олган.
1988 йилдан бошлаб у Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида педагоглик фаолияти билан шуғулланиб, анъанавий ижрочилик йўналишида кўплаб шогирдларни тарбиялаган.
Хадия Юсупованинг вафоти ўзбек миллий мақом санъати учун катта йўқотиш бўлди. Унинг бой ижодий мероси ва ижролари миллий маданиятимиз тарихида муҳим ўрин тутади.

Изоҳлар мавжуд емас