Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган янги қонунга мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тартиби янада енгиллаштирилди. Эндиликда ерни қонунийлаштириш бўйича аризаларни кўриб чиқиш муддати амалдаги 150 кундан 50 кунгача қисқартирилди.
Бу эса фуқароларнинг вақт ва харажатларини сезиларли даражада камайтириши кутилмоқда.
Шунингдек, қарздорлик миқдори БҲМнинг 30 бараваридан ошмаган кўчмас мулк объектлари бўйича ҳам ҳуқуқларни эътироф этиш имконияти яратилган.
Янги тартибга кўра, бир марталик тўловнинг 50 фоизи қарор қабул қилинганидан кейин 20 иш куни ичида тўланса, қолган қисми учун чегирма берилади. Агар фуқаро маблағни бир вақтнинг ўзида тўлаш имкониятига эга бўлмаса, солиқ органлари билан шартнома тузиб, тўловни 1 йилдан 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин.
Қонун билан ортиқча эгалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш механизми ҳам такомиллаштирилган. Хусусан, 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнгача бўлган даврда ер учун оширилган ставкалар бўйича ҳисобланган солиқлар жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судгача бўлган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби жорий этилган. Шу билан бирга, агар ер участкасининг бир қисми қурилиш тақиқланган ҳудудга тўғри келса, айнан ўша қисм чиқариб ташланиб, қолган ер майдонига ҳуқуқларни расмийлаштириш имконияти берилади.
Қонунга мувофиқ, бино ва иншоотларнинг хусусийлаштирилганлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш учун туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳам масъул этиб белгиланган.
Мазкур ўзгаришлар ер муносабатларини тартибга солиш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини қонуний асосда мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас