Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг Экспорт-импорт банки (EXIM Bank) президенти ва раиси Жон Йованович ҳамда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Бен Блек билан учрашув ўтказди.
Учрашув аввалида АҚШ расмийлари давлат раҳбарига Дональд Трампнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.
Музокаралар чоғида мазкур молиявий институтларнинг Ўзбекистонда инфратузилмани ривожлантириш, муҳим минерал ресурсларни ўзлаштириш, энергетика соҳасини модернизация қилиш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштиришга қаратилган юқори технологияли стратегик лойиҳаларда иштирок этиши масалалари муҳокама қилинган.
Томонлар Экспорт-импорт банки (EXIM Bank) билан ҳамкорлик доирасида энергетика тармоғини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олган. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорларнинг устувор соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида экспорт кредитларини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашувда Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC)нинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, энергетика ва инфратузилмани модернизация қилиш учун қўшма инвестиция платформасини ишга туширишга қаратилган ташаббуслари ҳам маъқулланган.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида янги халқаро аэропорт қуриш, Фарғона вилоятида замонавий тиббиёт мажмуасини ташкил этиш, рақамли банкни ишга тушириш, дата-марказлар ҳамда қуруқ портлар қуриш каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалий босқичга ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.
Учрашув якунида муҳокама қилинган инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қўшма "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олинган.

Изоҳлар мавжуд емас