Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида ер майдонларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати аниқланди.
Тадбирда фуқаро ўзини Андижон вилоят Статистика бошқармасида ишловчи мансабдор шахс сифатида таништириб, бошқа фуқаронинг ишончига киргани маълум бўлган.
Ушбу шахс Андижон туманидаги "Йўлдош Охунбобоев" массиви ҳудудида жойлашган давлат захирасидаги 40 сотих ер майдони аукцион орқали унинг фарзанди номига ўтказилганини айтиб, ушбу ерни келгусида жабрланувчи номига расмийлаштириб беришини ваъда қилган.
Бу хизмат эвазига у 160 000 доллар талаб қилиб, олдиндан 80 000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас