Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йилда олий таълим битирувчиларининг ўртача ойлик иш ҳақи 5,1 миллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда битирувчилар сифати индекси доирасида 114 та олий таълим ташкилотининг 242,6 минг нафар битирувчиси бўйича амалга оширилган дастлабки моделлаш натижаларида маълум қилинди.
Натижаларга кўра, битирувчиларнинг бандлик даражаси 75 фоизни ташкил этган. Ўртача ишга жойлашиш муддати эса 2 ой 1 кун деб қайд этилган. Шунингдек, битирувчиларнинг 60,1 фоизи камида 4 ой давомида барқарор иш билан таъминланган.
Энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи бизнес ва бошқарув йўналишида 8,5 миллион сўм, ҳуқуқ йўналишида 7,3 миллион сўм, ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида 6,8 миллион сўмни ташкил этган.
Битирувчилар сифати индекси бўйича энг юқори натижалар эса математика ва статистика, таълим ҳамда бизнес ва бошқарув йўналишларида қайд этилган.
Шунингдек, энг яхши натижа кўрсатган 20 та олий таълим ташкилоти қошидаги карьера марказлари 500 миллион сўмдан рағбатлантирилиши белгиланган. Таъкидланишича, ушбу кўрсаткичлар 8 ойлик кузатув асосидаги дастлабки моделлаш натижалари ҳисобланади. Якуний индекс натижалари 12 ойлик маълумотлар асосида жорий йил август ойида эълон қилинади.

Изоҳлар мавжуд емас