"Қуёшли хонадон" дастури доирасида аҳолига 156 миллиард сўмдан ортиқ субсидия тўланади
Иқтисод

"Қуёшли хонадон" дастури доирасида аҳолига 156 миллиард сўмдан ортиқ субсидия тўланади

14

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун давлат бюджетидан навбатдаги йирик маблағлар ажратилмоқда. Солиқ қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, 2026 йилнинг апрель–май ойлари якунлари бўйича мамлакат миқёсида жами 60 193 нафар жисмоний шахс "Қуёшли хонадон" дастури доирасида субсидия олиш ҳуқуқига эга бўлган. 

Мазкур икки ой давомида фуқаролар томонидан ягона электр энергетикаси тизимига узатилган 156 миллион 125 минг 388 киловатт-соат қуёш энергияси учун давлат томонидан жами 156 миллиард 125 миллион сўм субсидия маблағлари йўналтирилади.

Бу йилги кўрсаткичлар бўйича ҳудудлар кесимида энг катта субсидия маблағлари Хоразм вилоятига тўғри келган бўлиб, воҳа аҳолисига 29,1 миллиард сўм тўлаб берилади. Кейинги ўринларни эса 27,1 миллиард сўмлик кўрсаткич билан Бухоро вилояти ҳамда 19,1 миллиард сўм субсидия ажратилган Қорақалпоғистон Республикаси эгаллаб турибди. 

Дастур иштирокчилари ўзларига ажратилган маблағларни ҳеч қандай ортиқча оворагарчиликсиз, тўлиқ электрон шаклда олишлари мумкин. Бунинг учун "Soliq" мобил иловасидаги "Кешбек ва имтиёзлар" хизмати таркибида очилган "Қуёшли хонадон" бўлимига кириб, "Картага пул ўтказиш" ойнаси орқали маблағларни шахсий банк картасига ўтказиб олиш кифоя қилади. 

2023 йилнинг 1 апрелидан буён амалда бўлган тартибга мувофиқ, мазкур дастур доирасида аҳоли томонидан ягона тармоққа сотилган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун давлат 1 000 сўмдан кафолатланган субсидия тўлаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг 45,2 мингдан ортиқ фуқароси қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун давлат субсидияларини олганди. Тўловларнинг умумий ҳажми 73,9 миллиард сўмни ташкил этган эди.



Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...