Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз хабар қилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон компаниялари икки йилдан буён Қирғизистонда Ravon автомобилларини йиғишни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, бу жараёнда ҳанузгача аниқлик йўқ.
Ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида Қирғизистон инвестицияларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш агентлиги директори маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида 2017 йилда Ўзбекистон томони Қирғизистонда автомобиль йиғиш заводини очиш нияти борлигини, аммо бу борада баъзи муаммолар мавжуд эканлиги ҳақида гапирган эди.
"Биринчидан, Ўзбекистон томони уни солиқлардан озод қилишни талаб қилди. Иккинчидан, улар давлат харидларини ўтказишда бизда йиғилган машиналарга устуворлик беришни исташган эди. Мен уларни жуда яхши тушунаман, чунки ҳар-бир маҳсулот ишлаб чиқарувчи ўзига мижоз топишни хоҳлайди. Аммо амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бундай масалаларни бир кунда ҳал қилиб бўлмайди ", - деди у.
Ўз навбатида, яқинда Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида "Ўзавтосаноат" вакиллари Қирғизистондаги ўзбек автомобилларини йиғиш билан боғлиқ вазиятни изоҳлаб, улар ушбу давлат ҳукуматидан бирон-бир имтиёз ва преференция сўрамаганликларини айтишди.
“Ўзавтосаноат" компанияси стратегик режалаштириш, таҳлил ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодировнинг айтишича, "Бу маълумот унчалик ҳам ҳақиқатга мос эмас. Гап биз қандайдир имтиёз сўраганимиз ва ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи эканлигимизда эмас. Масалан, Қозоғистонда машиналаримиз ишлаб чиқарилмоқда, у ерда ҳамкоримиз ҳам бор. Қирғизистонда ҳам худди шундай вазият - қизиқиш билдирган ҳамкоримиз мавжуд холос. Қирғизистонда автомобиллар қандай қилиб ва қайси шартлар асосида ишлаб чиқариши бўйича барча саволлар уларнинг ўзига тегишлидир”.
Унинг сўзларига кўра, "Ўзавтосаноат" ўз навбатида қирғизистонлик ҳамкорларга техник кўмак борасида ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёр.
"Биз бу ерда фақатгина бутловчи қисмлар етказиб берувчи сифатида ишламоқдамиз. Қирғизистонда ишлаб чиқаришни бошлаш ва у ердан туриб сотиш мақсадимиз йўқ", - дея хулоса қилди у.
Шуни эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Қирғизистонда Nexia (R3) автомобилларини ишлаб чиқаришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди. Ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун устувор жой сифатида Ўш шаҳри танланган эди.
Изоҳлар мавжуд емас