Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг телефони бузиб кирилиб, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони томонидан унга ўтказилган миллиардлаб долларлик яширин ҳисоблар ҳақидаги маълумотлар сизиб чиққани даъво қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, Нидерландия разведкаси томонидан жалб қилинган россиялик агент ГАРБ махсус хизматларига Кушнернинг телефонидан олинган скриншотлар сақланган серверга кириш имконини берган.
БАА ҳукмрон оиласи вакили Таҳнун бин Заид ҳамда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Кушнер учун мўлжалланган ''First Abu Dhabi Bank"даги ҳисобларга Озарбайжон орқали 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ ўтказиб берган бўлиши мумкин.
Ушбу йирик маблағлар норасмий ташқи сиёсий лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда БАА ва Саудия Арабистони манфаатларини лобби қилиш учун йўналтирилган бўлиши мумкин.
Жаред Кушнер Трампнинг биринчи президентлик даврида Яқин Шарқ сиёсати бўйича масъул бўлган ва 2020 йилда Исроилнинг араб давлатлари билан муносабатларини нормаллаштиришга қаратилган "Иброҳим келишувлари"ни тайёрлашда бевосита иштирок этган.
Ўз навбатида, Жаред Кушнер ушбу айбловларни қатъиян рад этиб, уларни "мутлақо бемаънилик" деб атаган. Унинг таъкидлашича, суриштирув муаллифи айбловларни тасдиқловчи ҳеч қандай банк кўчирмалари ёки расмий ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Кушнернинг адвокати эса ушбу ёлғон даъволар ва туҳмат юзасидан судга мурожаат қилинишини билдирган.
Ҳозирда ушбу айбловлар бўйича мустақил манбалар томонидан тасдиқланган расмий далиллар мавжуд эмас.
Аввалроқ Дональд Трамп дунё океанларидан бирини ўз номи билан қайта номлаши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас