Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 24 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги турар жой мажмуасида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаронинг жасади топилди. Ёнғин оқибатида хонадондаги уй жиҳозлари ҳам зарарланган.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ёнғин ҳақида хабар 24 октябрь куни соат 01:33 да Юсуф Саккокий кўчасида жойлашган турар жой мажмуасидаги хонадонлардан биридан келиб тушган.
Воқеа жойига етиб борган ёнғин-қутқарув экипажлари ёнғинни соат 01:52 да бартараф этган.
Ижтимоий тармоқларда ҳодиса Учтепа туманидаги Urikzor Residence турар жой мажмуасида содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган. Шунингдек, айрим гувоҳлар уйлар олдида тўхтаб турган автомобиллар сабабли ёнғин-қутқарув машиналарининг ҳодиса жойига етиб бориши қийинлашганини билдирган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тегишли органлар ёнғин сабаблари ва ҳодисанинг бошқа тафсилотларини аниқлаш бўйича терговга қадар текширув олиб бормоқда.
Олдинроқ Бухородаги "Карвон" бозорида содир бўлган ёнғин оқибатида 2200 квадрат метр майдон зарарланганди. Ёнғинни бартараф этишга 35 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 375 нафар ўт ўчирувчи жалб қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас