Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Косонсой тумани ҳокимининг ўринбосари маҳаллий тадбиркорга тегишли ер майдонини тортиб олиш билан таҳдид қилиб, ундан 65 миллион сўм пора олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Маълум бўлишича, мансабдор шахс ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, ҳокимият томонидан тадбиркорга ижара асосида берилган ер майдонини бошқа шахсга олиб бериш билан қўрқитган.
У мазкур таҳдид эвазига тадбиркордан тамагирлик йўли билан ўз яшаш хонадонига 20 киловатт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб беришни талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари қуёш панелларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатлари учун мўлжалланган 65 миллион сўм пулни ўз хизмат автомашинасида олган вақтида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент тумани ҳокими ўринбосари 25 минг доллар пора билан қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас