Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёевга нефть ва газ соҳасида белгиланган стратегик вазифалар ижросининг жорий ҳолати юзасидан ҳисобот берилди. Тақдимот давомида "Ўзбекнефтгаз" компаниясининг фаолияти самарадорлигини ошириш, углеводород захираларини кенгайтириш ва қазиб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Ҳисоботда қайд этилишича, жорий йил бошидан буён соҳада сезиларли кўрсаткичларга эришилган. Хусусан, геология-қидирув ишлари доирасида 471 квадрат километр майдонда 3D сейсмик қидирув ишлари якунланиб, натижада 11 та янги қудуқ фойдаланишга топширилган. Шунингдек, мавжуд қудуқларнинг иш унумдорлигини сақлаб қолиш мақсадида 20 та қудуқда мураккаб таъмирлаш ишлари бажарилган ва 5 та муҳим технологик тадбир ҳаётга татбиқ этилган.
Давлат раҳбари соҳада операцион самарадорликни ошириш, корхоналар харажатларини мақбуллаштириш ва уларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратган. Тақдимот якунида Президент белгиланган режаларни қатъий интизом ва аниқ ҳисоб-китоб асосида давом эттириш, янги конларни аниқлаш суръатини сусайтирмаслик юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекнефтгаз бошқарув раиси Абдуғани Сангинов нефть базалари фаолиятидаги тизимли муаммолар ва улкан қарздорлик сабабли соҳада "Долзарб 100 кунлик" доирасида "фавқуллода ҳолат" эълон қилганди. Кейинчалик дастурининг дастлабки 50 кунлиги доирасида ҳисобот берилган эди. Унда ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши, харажатларнинг 1,1 триллион сўмга қисқартирилиши ҳамда Uzbekistan GTL заводида синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўрсаткичининг 318 фоизга етгани қайд этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас