Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда табиий газ етказиб бериш қийин бўлган 1 916 та аҳоли пунктини электр иситиш тизимига ўтказиш бўйича ҳисоб-китоблар уч ой ичида тайёрланади.
Бу ҳақда президент ҳузурида ёқилғи-энергетика соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда топшириқ берилди.
Масъул идоралар лойиҳани амалга ошириш учун қандай энергетика инфратузилмаси ва қанча қўшимча электр энергияси талаб этилишини аниқлайди. Давлат молиялаштириши талаб қилинадиган аҳоли пунктлари учун алоҳида режа ишлаб чиқилади.
Йиғилишда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳозирда ундан қарийб 3,7 миллион хонадон фойдаланади. Тизим рақамлаштирилганига қарамай, ёқилғини ўз вақтида етказиб бериш муаммоси тўлиқ ҳал этилмаган.
Шу муносабат билан суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб қилиш таклифи маъқулланди. Пилот лойиҳани Андижон вилоятида йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги кадрлар алмашинувига нима сабаб бўлганини изоҳлаган эди. Унинг сўзларига кўра, энергетика вазири ҳамда "Ҳудудий электр тармоқлари" раҳбари тизимдаги жиддий камчиликлар сабаб лавозимидан озод этилган.

Изоҳлар мавжуд емас