Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Халқаро қидирувда бўлган Георгий Сорокин, жиноий муҳитда "Жора Тошкентский" ва "Сорока" лақаблари билан танилган шахс Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. У йирик товламачилик ва бошқа оғир жиноятларда айбланмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, қидирувдаги шахс Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида қўлга олинган. Унинг ёнидан турли мамлакатларга сафар қилишда фойдаланиб келган қалбаки Россия паспорти топилган.
Тергов маълумотларига кўра, 54 ёшли Тошкентда туғилган Георгий Сорокин жиноий фаолиятини 1990 йилда бошлаган. У турли йилларда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда босқинчилик, талончилик, товламачилик, қурол ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар учун бир неча бор жавобгарликка тортилган.
Уни халқаро қидирувга беришга 2021 йилда содир этилган товламачилик ҳолати асос бўлган. Тергов талқинига кўра, у шериклари билан бирга Тошкентлик фуқарони ва унинг оила аъзоларини қўрқитиш ҳамда зўравонлик қўллаш орқали умумий қиймати 350 минг доллар бўлган икки уйни ўзлаштириб, мулкни бошқа шахслар номига расмийлаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан айниқса йирик миқдорда товламачилик моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда гумонланувчи жиноий жавобгарликка тортиш учун Тошкентга олиб келинган.
Олдинроқ ҳам Ўзбекистон ва Миср ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда Интерпол каналлари орқали амалга оширилган ҳамкорлик натижасида узоқ вақт давомида одил судловдан яшириниб юрган ўта хавфли жиноятчи Қоҳирадан юртимизга экстрадиция қилинганди. Қидирувдаги шахс товламачилик ва бир қатор бошқа оғир қилмишларни содир этгани учун халқаро миқёсда кузатувга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас