Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев 2027 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва иқтисодий прогнозларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Унга кўра, келгуси йил бюджет даромадлари 416 триллион сўм, харажатлари эса 464 триллион сўм этиб белгиланиши кутилмоқда.
Йиғилишда келгуси йил иқтисодий ўсиш 7 фоиз бўлиши, ялпи ички маҳсулот ҳажми 232 миллиард долларга етиши прогноз қилинган. Инфляцияни 6 фоиздан оширмаслик, умумий бюджет тақчиллигини эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз доирасида сақлаш вазифаси белгиланган.
Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинади. Жумладан, таълим соҳасига 114,3 триллион сўм, соғлиқни сақлашга 61,4 триллион сўм ажратиш режалаштирилган. Ҳудудлар инфратузилмаси, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳимоя учун эса 70 триллион сўм йўналтирилади.
Шунингдек, 2027 йилда асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз қолдириш, 65 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва олтинсиз экспорт ҳажмини қарийб 40 миллиард долларга етказиш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда саноатни ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, яримўтказгичлар, робототехника, биотехнологиялар ва электромобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш вазифалари ҳам муҳокама қилинди.
Президент бюджет маблағларининг ҳар бир сўми аниқ натижа бериши кераклигини таъкидлаб, самарасиз харажатларни қисқартириш ва давлат инвестициялари устидан рақамли назоратни кучайтириш бўйича топшириқлар берган.
Маълум қилинишича, жорий йил якунида Ўзбекистон иқтисодиёти камида 8 фоизга ўсиши, ялпи ички маҳсулот 200 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас