Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган аёлларнинг 3 ёшгача бўлган фарзандлари учун махсус давлат мактабгача таълим ташкилотлари очилади. Бу Президентнинг 2026 йил 12 ноябрдаги ПҚ–395-сон қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 декабрдан 21-сон жазони ижро этиш колонияси қошидаги Болалар уйи негизида ҳамда 42-сон манзил-колонияда "Она ва бола маркази" ташкил этилади.
Марказларда беш нафаргача болани қамраб оладиган, кеча-ю кундуз фаолият юритувчи гуруҳлар ишлайди.
Болаларнинг яшаши, тиббий хизмат олиши ва ёшига мос ривожланиши учун зарур шароитлар яратилади.
Шунингдек, тарбияланувчилар озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа зарур буюмлар билан таъминланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг ўз вақтида эмланиши ва тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил этади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги эса ҳар чоракда марказларда болалар ва оналар учун яратилган шароитларни мониторинг қилиб боради.
Аввалроқ нодавлат таълим ташкилотларида коррекцион синф ташкил этганларга субсидия берилиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас