Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда иссиқхона маҳсулотларини етиштириш таннархининг асосий қисмини энергия харажатлари ташкил этмоқда. Тадбиркор Хуршид Аҳмедовнинг айтишича, Қозоғистондан келтириладиган "Шубарколь" кўмирининг бир тоннаси Ўзбекистон божхонасида тахминан 40 доллардан расмийлаштирилса, иссиқхонага етиб боргунича 110 долларгача қимматлашади. Тадбиркор бу фарқни темир йўл логистикаси, вагон танқислиги, кўмирни тушириш ва сақлаш харажатлари билан изоҳламоқда.
16 ноябрь куни Савдо-саноат палатасида иссиқхона эгалари ва давлат идоралари вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда тадбиркорлар кўмирни мустақил импорт қилиш имкониятини беришни сўраган. Уларнинг фикрича, амалдаги етказиб бериш тартиби ёқилғи нархини ошириб, маҳаллий иссиқхона маҳсулотларининг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу масала фақат импорт нархи билан чекланмайди: мамлакатда кўмирга бўлган талаб, маҳаллий ёқилғининг сифати, газ таъминоти ва экологик талаблар ҳам иссиқхоначиларнинг харажатларига таъсир қилмоқда.
Кўмир нархи чегарадан иссиқхонагача қандай ошмоқда?
Хуршид Аҳмедовнинг айтишича, Қозоғистоннинг Черняевка чегара пункти яқинида "Шубарколь" кўмирининг бир тоннаси автомобиль транспортида етказиб бериш билан бирга 32 доллар атрофида таклиф қилинмоқда. Бироқ тадбиркорнинг сўзларига кўра, Тошкент атрофидаги божхона постларига кўмирни фақат темир йўл орқали олиб кириш мумкин. Бу эса импортёрларни вагон топиш ва темир йўл логистикасига боғлаб қўяди.
Тадбиркор қиш мавсумида вагонлар етишмаслиги муаммони янада кучайтиришини айтган. Чунки совуқ кунларда биринчи навбатда аҳолини кўмир билан таъминлаш учун юк ташишга устуворлик берилади. Иссиқхона эгалари эса ўз юкларини етказиб бериш учун навбат кутишга мажбур бўлади.
Автомобиль транспорти орқали Қирғизистондан олиб ўтиш муқобил йўл бўлиши мумкин. Бироқ бир машинага 20 тонна юклаш чеклови ва тахминан 1000 долларлик ташиш харажати бу усулнинг ҳам иқтисодий самарадорлигини пасайтиради.
Муаммо фақат ташиш билан чекланмайди. Кўмирни вагондан тушириш, сақлаш ва кейин истеъмолчига етказиш учун ҳам қўшимча ҳақ тўланади. Аҳмедовнинг айтишича, у 2022 йилда Қозоғистондан мустақил равишда кўмир импорт қилганида вагонларни тушириш учун темир йўл шохобчаси ва омбор эгасига қўшимча маблағ тўлашга мажбур бўлган.
Бундан олдин ҳам тадбиркорлар кўмирнинг божхонадаги 40 долларлик қиймати билан иссиқхонага етказилганидаги 110 долларлик нархи ўртасидаги фарқ фақат ташиш харажатларидан иборат эмаслигини қайд этганди. Унга темир йўл хизмати, тушириш, қайта юклаш, сақлаш, станциядан автотранспортда етказиб бериш, солиқлар ва воситачилар устамаси ҳам таъсир қилиши мумкин.
Ўзбекистонда кўмирга талаб қандай ўзгарди?
Ўзбекистонда кўмир истеъмоли сўнгги йилларда сезиларли ошган. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, мамлакатда кўмир истеъмоли 2019 йилда 5,7 миллион тоннани ташкил этган бўлса, 2022 йилда 8,3 миллион тоннага, 2023 йилда эса 11,9 миллион тоннага етган. 2024 йилда бу кўрсаткич 10,7 миллион тонна, 2025 йилда эса 11,8 миллион тонна бўлган.
Бу ўсишга саноат корхоналари, электр станциялари, аҳоли ва иссиқхона хўжаликларининг ёқилғига бўлган эҳтиёжи таъсир қилган. Batafsil.uz 2024 йил январда Экология вазирлиги маълумотларига таяниб ёзганидек, 2023 йилда 1 150 та иссиқхона, 101 та ғишт заводи ва 126 та оҳак заводи кўмир ёқилғисига ўтказилган. Бунинг учун қўшимча 1,633 миллион тонна кўмир талаб қилинган.
Демак, иссиқхоналарни кўмирга ўтказиш ҳам мамлакатда ушбу ёқилғига бўлган талаб ошишига ҳисса қўшган. Бироқ бу қарорлар қабул қилинганидан кейин кўмир таъминоти, логистика ва экологик хавфсизлик масалалари қандай ҳал этилгани алоҳида савол бўлиб қолмоқда.
Маҳаллий кўмир иссиқхоначилар талабини қондирадими?
Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш бўйича асосий корхоналардан бири — "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамияти. Компания 2026 йилда 5,7 миллион тонна кўмир қазиб олиш ва истеъмолчиларга жами 7 миллион тонна етказиб беришни режалаштирган. Шундан 1,53 миллион тоннадан ортиғи аҳоли эҳтиёжларига йўналтирилиши белгиланган.
Бироқ мамлакатда қазиб олинаётган кўмир ҳажмининг ўзи иссиқхона хўжаликларига керакли ёқилғи етарли эканини англатмайди. Чунки кўмирнинг маркаси, намлиги, куллилиги ва ёниш иссиқлиги ҳам муҳим.
Масалан, яна бир тадбиркорлар билан учрашувда маҳаллий кўмирнинг айрим турларида кул, чанг ва бошқа аралашмалар кўплиги юзасидан шикоятлар билдирилганди. Келтирган расмий техник кўрсаткичларга кўра, Ангрен қўнғир кўмирининг пастки ёниш иссиқлиги маркасига қараб 2200–3560 ккал/кг оралиғида. Айрим маркаларда намлик 35 фоизгача, рухсат этилган энг юқори куллилик эса 60 фоизгача етиши мумкин.
Қозоғистоннинг "Шубарколь" кўмирида эса ёниш иссиқлиги 5500–6000 ккал/кг атрофида экани келтирилган. Бу икки турдаги кўмирни фақат тоннаси учун белгиланган нарх бўйича таққослаш нотўғри бўлишини кўрсатади. Иссиқхона эгаси учун бир тонна ёқилғи қанча иссиқлик бериши, қозоннинг самарадорлиги ва қанча кул қолдириши ҳам муҳим.
Шу сабабли маҳаллий кўмирнинг нархи арзонроқ бўлган тақдирда ҳам, унинг иссиқлик бериш хусусияти ва қозонларга мослиги тадбиркорнинг якуний харажатларини белгилайди. Очиқ манбаларда иссиқхона хўжаликларининг умумий кўмир эҳтиёжи ва унинг қанча қисми маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қопланаётгани бўйича тўлиқ маълумот йўқ. Шунинг учун ички ишлаб чиқариш талабни тўлиқ қондираётгани ёки қондирмаётгани ҳақида қатъий хулоса қилиш учун асос етарли эмас.
Маҳаллий кўмир нархи ҳам эркинлаштирилди
Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан кўмир нархини давлат томонидан тартибга солиш амалиёти бекор қилинди. Шундан кейин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўмирни товар-хомашё биржаси орқали бозор тамойиллари асосида сота бошлади. Яъни нарх талаб ва таклифга қараб шаклланади.
"Ўзбеккўмир"нинг 7 октябрдаги расмий маълумотига кўра, 25 октябрдан биржа савдоларига чиқариладиган маҳаллий кўмирнинг бошланғич нархи турига қараб бир тоннаси учун 280 минг сўмдан 512 минг сўмгача белгиланган. Бу нархлар ҚҚС билан ҳисобланган, аммо биржадаги якуний сотув нархи эмас, балки савдога чиқариш учун белгиланган бошланғич қийматдир.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, давлат нарх назорати бекор қилинганидан кейин мамлакатда кўмирнинг ўртача нархи 2,1 баробар ошган. Демак, иссиқхоначилар бир вақтнинг ўзида маҳаллий кўмир нархининг бозор шароитида шаклланиши ва импорт кўмирини етказиб бериш харажатлари билан юзлашмоқда.
Қозоғистон Ўзбекистонга қанча кўмир етказиб бермоқда?
Қозоғистон Ўзбекистон учун кўмир етказиб берувчи муҳим давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотлари кўра, 2026 йил январь–сентябрь ойларида Қозоғистон Ўзбекистонга 23,1 миллион долларлик қарийб 1,02 миллион тонна кўмир экспорт қилган. Бу бир тонна учун ўртача 22,73 долларлик статистик экспорт қийматига тўғри келади.
Шу даврда Қозоғистон жами 536,6 миллион долларлик 21,3 миллион тонна атрофида тошкўмир экспорт қилган. Унинг ўртача статистик экспорт қиймати бир тонна учун 25,2 долларни ташкил этган.
Бу рақамлар Қозоғистон кўмирининг Ўзбекистон учун аҳамиятини кўрсатади. Бироқ 22,73 долларлик ўртача экспорт қийматини айнан "Шубарколь" маркасининг чакана ёки чегарадаги нархи деб қабул қилиб бўлмайди. Бу кўрсаткич турли марка ва шартларда экспорт қилинган кўмирнинг умумий статистик қийматидан келиб чиқади.
Тадбиркор келтирган 32 долларлик нарх эса Черняевка яқинидаги муайян таклифга, 40 доллар эса унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон божхонасидаги қийматга тааллуқли. Бу рақамлар турли савдо ва етказиб бериш босқичларини ифодалайди.
Ҳукумат аввал иссиқхоналарни газга ўтказишни режалаштирган
Иссиқхона хўжаликларини ёқилғи билан таъминлаш муаммоси бир неча йилдан бери давом этмоқда. Batafsil.uz 2025 йил 26 ноябрда Энергетика вазирлиги маълумотларига таяниб, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги қарийб 200 та иссиқхона табиий газ таъминоти тизимига уланиб, барқарор газ олаётганини хабар қилган.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри ва атрофидаги 68 та иссиқхона билан газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган. Зангиота туманида 30 дан ортиқ, Қибрайда эса 70 га яқин иссиқхона газ таъминоти билан қамраб олинган.
Бироқ бу дастурнинг ўзи барча иссиқхона хўжаликларининг ёқилғи муаммоси ҳал қилинганини англатмайди. Batafsil.uz эслатганидек, газ таъминоти билан боғлиқ муаммо 2022 йилдан бошланган. Ўшанда ички бозордаги тақчиллик сабаб юзлаб иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўхтатилган ва уларни муқобил ёқилғига ўтказиш зарурати асос қилиб кўрсатилган.
2023 йилда эса кўплаб иссиқхона хўжаликлари кўмирга ўтказилган. Энди улардан бир қисми қаттиқ ёқилғидан воз кечиши ёки қиммат экологик тозалаш ва мониторинг ускуналарини ўрнатиши талаб қилинмоқда. Бу ҳолат тадбиркорлар учун ёқилғи сиёсатидаги ўзгаришлар ва инвестиция харажатларини олдиндан режалаштиришни қийинлаштирмоқда.
Иссиқхоначиларга қандай имтиёзлар берилган?
Президентнинг 2025 йил 8 октябрдаги ПФ-181-сон фармонида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва экспортни кўпайтириш вазифалари белгиланган. Ҳужжатга кўра, табиий газ билан кафолатли таъминланадиган иссиқхоналарда етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини 2026 йилда 620 минг тоннага, 2027 йилда эса 670 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Ушбу маҳсулотлар экспорти улушини 30 фоиздан 70 фоизгача ошириш вазифаси қўйилган.
Фармонда иссиқхона хўжаликлари учун 2026 йил 1 январдан 2028 йил охиригача ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш, шунингдек, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига мавжуд солиқ қарзларини фоиз ҳисобламасдан 2028 йил охиригача кечиктириб тўлаш имкониятини бериш назарда тутилган.
Бундан ташқари, 2026 йил 28 апрелдаги 206-сон қарор билан иссиқхона хўжаликларига маҳаллий ёки хорижий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинган кўмир ва электр қозонлари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби белгиланган. Ҳужжатда кўмир қозонининг иситиш қуввати, сертификатга эга бўлиши ва субсидия олиш учун хўжалик юридик шахс мақомига эга бўлиши каби шартлар назарда тутилган.
Бу чоралар тадбиркорларнинг қозон ускуналарига сарфлаган харажатларини камайтиришга қаратилган. Бироқ улар импорт кўмирини ташиш, тушириш ва сақлаш билан боғлиқ харажатларни тўғридан-тўғри қопламайди.
Кўмирдан фойдаланиш экологик муаммони ҳам кучайтирмоқда
Иссиқхоналарни кўмирга ўтказиш энергия таъминотидаги муаммога ечим сифатида кўрилган бўлса-да, бу жараён ҳаво ифлосланиши хавфини ҳам оширган.
Batafsil.uz 2024 йил январда Экология вазирлиги маълумотларига таяниб, 10 тонна кўмир ёқилганда атмосферага 220 килограмм қурум, 360 килограмм олтингугурт диоксиди, 64 килограмм углерод оксиди, 16 килограмм азот оксиди ва икки тонна кул чиқиши мумкинлигини ёзган. Бу рақамлар кўмирдан фойдаланишда ёқилғининг сифати ва қозонхонадаги тозалаш тизимлари қанчалик муҳимлигини кўрсатади.
2025 йил ноябрь ойида Экология вазирлиги ўтказган рейдлар давомида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 595 та иссиқхона текширилган. 106 та фермер хўжалигининг фаолияти вақтинча тўхтатилган, 58 та иссиқхонага жарима қўлланган, яна 387 та хўжаликка экологик талабларга риоя қилиш бўйича кўрсатма берилган. Айрим иссиқхоналарда фильтрлар ўрнатилмагани, бошқаларида эса мавжуд фильтрлар ишлатилмагани аниқланган.
Бу маълумотлар экологик назоратни кучайтириш заруратини кўрсатади. Бироқ талабларни бажариш тадбиркорлар учун қўшимча инвестиция ва харажатларни ҳам англатади.
Янги экологик талаблар тадбиркорларга қанчага тушмоқда?
2026 йил 22 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг 586-сон қарори қабул қилинган. У Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхона хўжаликларининг экологик хавфсиз фаолият юритишини таъминлашга қаратилган.
Қарор Тошкент шаҳри, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларига тааллуқли. Унга кўра, кўмир, брикет ва биомасса пеллетларидан фойдаланадиган иссиқхоналар 2026 йил 1 декабрга қадар иситиш тизимини бошқа энергия манбаларига ўтказиши керак. Бундай манбалар қаторига табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси, қуёш ва геотермал энергия, шунингдек, иссиқлик электр станцияларининг иккиламчи иссиқлиги киритилган.
Бироқ қаттиқ ёқилғидан фойдаланиш мутлақо тақиқланмаган. Бунинг учун қозонхоналар ёниш жараёнини автоматик бошқариш ва тутун газларини тозалаш тизимлари, шунингдек, чиқиндиларни узлуксиз кузатиб борувчи датчиклар билан жиҳозланиши шарт. Датчиклардан олинган маълумотлар реал вақт режимида Экология қўмитасининг ахборот тизимига узатилиши керак.
Янги талаблар тадбиркорлар учун қўшимча харажатларни келтириб чиқармоқда. Batafsil.uz 2026 йил 23 ноябрда ёзганидек, иссиқхона ва гулчилик хўжаликлари вакиллари иштирокидаги учрашувда бир тадбиркор экологик хулоса расмийлаштириш учун аввал 9 миллион сўм сўралганини, бошқа қозон учун эса 37 миллион 890 минг сўм тўлаш кераклиги айтилганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Экология қўмитаси изоҳ берган. Қўмитага кўра, атроф-муҳитга таъсири бўйича III тоифага кирувчи иссиқхона хўжаликлари учун давлат экологик экспертизаси тўлови 2026 йил 11 майдаги 234-сон қарор асосида 6,5 базавий ҳисоблаш миқдори — 2 миллион 860 минг сўмни ташкил этади.
Бироқ қозонларни сертификатлаш, лаборатория текширувлари, инструментал ўлчовлар ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳасини ишлаб чиқиш ушбу тўловга кирмайди. Шу сабабли тадбиркор айтган 37,89 миллион сўмни фақат давлат экологик экспертизаси учун белгиланган тўлов деб кўрсатиш тўғри бўлмайди. Бу суммага бошқа хизматлар ҳам киритилган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, 586-сон қарор экологик модернизация учун молиявий ёрдам ҳам назарда тутган. 2028 йил 1 январга қадар чанг-газ тозалаш ускуналари, қозон қурилмалари, энергия тежамкор технологиялар ва муқобил энергия асосидаги иситиш ускуналарини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир гектар учун 50 миллион сўмдан ошмаган қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидия сифатида қопланиши белгиланган.
Демак, давлат экологик талабларни кучайтириш билан бирга, уларни бажариш учун харажатларнинг бир қисмини қоплашни ҳам таклиф қилмоқда. Аммо субсидия ускуналарни харид қилиш харажатларига тааллуқли. У импорт кўмирининг нархи ёки уни ташиш харажатларини қопламайди.
Тадбиркорлар кўмирни мустақил импорт қилишни сўрамоқда
Хуршид Аҳмедов иссиқхона эгаларига кўмирни мустақил импорт қилишга рухсат беришни таклиф қилган. Унинг фикрича, импорт ҳажми иссиқхонанинг майдонига қараб белгиланиши мумкин. Масалан, икки гектарлик иссиқхона учун 200 тонна кўмир олиб киришга рухсат бериш таклиф этилган.
Тадбиркорлар бунинг эвазига фаолиятини қонунийлаштириш, экспорт ҳажмлари бўйича ҳисобот бериш ва кўмирни экспортдан тушган валюта ҳисобидан харид қилишга тайёр эканини билдирган. Уларнинг фикрича, бу усул воситачилар сонини камайтириб, ёқилғи харажатларини пасайтиришга ёрдам бериши мумкин.
Бу ерда ҳуқуқий жиҳатдан ҳам бир муҳим масала бор. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги 418-сон қарори кўмирни етказиб бериш, ҳисобга олиш ва темир йўл орқали ташиш механизмларини белгилайди. Бироқ қарорнинг эълон қилинган матнини ўргансак, унда кўмирни автомобиль транспортида импорт қилишни тўғридан-тўғри тақиқловчи алоҳида норма топилмайди.
Шу сабабли тадбиркорлар айтган автомобиль транспортида импорт қилишга тўсиқ қўяётган талабнинг аниқ ҳуқуқий асоси ва уни ким белгилагани очиқланиши керак. Агар бундай чеклов мавжуд бўлса, унинг мақсади, хавфсизлик ва божхона назорати билан боғлиқ сабаблари ҳам тушунтирилиши лозим.
Асосий муаммо — ёқилғи сиёсати ва уни етказиб бериш тизимидаги узилишлар
Мавжуд маълумотлар Ўзбекистонда кўмирга талаб юқори эканини, маҳаллий ишлаб чиқариш билан бирга импорт ҳам муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Қозоғистон эса мамлакат учун асосий ташқи етказиб берувчилардан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ иссиқхоначилар келтираётган мисолда кўмирнинг божхонадаги 40 долларлик қиймати билан иссиқхонага етказилганидаги 110 долларлик нархи ўртасида катта фарқ бор.
Бу вазиятни фақат воситачилар ёки темир йўл харажатлари билан изоҳлаш етарли эмас. Муаммонинг тўлиқ манзарасини кўриш учун импорт кўмирининг ҳар бир босқичдаги харажатлари, вагонлар тақсимоти, тушириш ва сақлаш хизматлари тарифлари, шунингдек, автомобиль транспортида импорт қилишга доир амалдаги талабларни очиқлаш зарур.
Иккинчи масала — давлатнинг иссиқхоналар учун ёқилғи сиёсати. 2022 йилда газ таъминоти чекланган хўжаликлар муқобил ёқилғига ўтказилди, 2023 йилда кўплаб иссиқхоналар кўмирдан фойдалана бошлади. Энди эса Тошкент ва атрофидаги ҳудудларда улардан бошқа энергия манбасига ўтиш ёки қиммат экологик ускуналар ўрнатиш талаб қилинмоқда. Бундай ўзгаришлар тадбиркорлар учун узоқ муддатли режалаштиришни қийинлаштиради.
Албатта, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш талабларини бекор қилиш мумкин эмас. Аммо экологик талаблар билан бир қаторда иссиқхоналарни узлуксиз энергия билан таъминлаш, ускуналарни модернизация қилиш учун ажратиладиган субсидияларнинг амалда ишлашини таъминлаш ва ёқилғи импортидаги ортиқча харажатларни камайтириш ҳам муҳим.
Ҳукумат иссиқхона маҳсулотлари экспортини оширишни мақсад қилган экан, бу соҳанинг таннархига бевосита таъсир қилаётган ёқилғи муаммоси ҳам тизимли ҳал этилиши керак. Акс ҳолда, тадбиркорлар бир вақтнинг ўзида қиммат ёқилғи сотиб олиш, экологик талабларни бажариш ва ташқи бозорда рақобатлашишга мажбур бўлади.

Изоҳлар мавжуд емас