Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Таиланд Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз сафар тартибини 2027 йил январь–февраль ойларида қайта жорий этиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати виза бўлими бошлиғи Шаҳбоз Усмонов Batafsil.uz мухбирига халқаро туризм ва инвестиция форуми доирасида берган эксклюзив интервьюсида маълум қилди.
"Таиланд билан визасиз режимни тиклаш бўйича музокаралар жараёни бошланди. Мамлакатимиз Бош консуллиги бу масала устида фаол иш олиб бормоқда", — деди Усмонов.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда визасиз бўлиш муддатини аввал муҳокама қилинган 15 кун ўрнига 30 кун этиб белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бироқ бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.
Усмонов ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари Таиланд визаси учун ҳужжатларни онлайн тарзда топширишлари мумкинлигини ҳам айтди. Унинг баҳолашича, туристик пакет сотиб олинган тақдирда виза расмийлаштириш 8–15 кун давом этади. Мустақил равишда ариза топширилганда эса кутиш муддати тахминан бир ойга чўзилиши мумкин.
Шу билан бирга, визасиз режим қачон тикланиши ҳақидаги муддат ҳозирча дастлабки ҳисоб-китобларга асосланган. Таиланд расмийлари томонидан якуний қарор эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи бошида Таиланднинг Миллий туризм сиёсати қўмитаси Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган бир қатор давлатлар фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган эди. Бу ташаббус ҳали расмий қарор қабул қилинганини англатмайди.

Изоҳлар мавжуд емас