Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қўшни давлатлардан Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг 25,2 фоизи даволаниш мақсадида республикага ташриф буюради. Аввалроқ уларнинг қарийб 80 фоизи қариндошларини кўриш учун келган бўлса, ҳозир туристик сафарлар мақсадлари ўзгармоқда. Бу ҳақда Batafsil.uz мухбири Тошкентда ўтказилган биринчи халқаро туристик инвестиция форумида маълум бўлган маълумотларга таяниб хабар берди.
Ушбу маълумотни Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов тақдим этган. Унинг айтишича, ўтказилган сўров натижалари қўшни мамлакатлардан келаётган сайёҳларнинг сафар мақсадлари ўзгарганини кўрсатган.
Сўровга кўра, туристларнинг 26,5 фоизи саёҳат қилиш ва дам олиш, 25,2 фоизи даволаниш учун келади. Яна 23,1 фоизи харид қилиш, зиёрат, таълим ва бизнес сафарларини мақсад қилган. Қолган 25,2 фоизи эса қариндошларини кўриш учун Ўзбекистонга ташриф буюради.
Шунингдек, мамлакатга келаётган сайёҳлар географияси ҳам кенгаймоқда. Жорий йилда Хитойдан келган туристлар сони икки бараварга, Мисрдан келувчилар 1,9 бараварга, Малайзиядан 1,7 бараварга ва Индонезиядан 1,6 бараварга ошган.
Абдулазиз Аккуловнинг таъкидлашича, туристлар сони билан бирга уларнинг сафардан кўзлаган мақсадлари ва туристик хизматларга бўлган талаби ҳам ўзгармоқда. Бу меҳмонхона бизнеси, тиббий ва соғломлаштириш туризми, савдо, гастрономия ҳамда кўнгилочар индустрияга инвестиция киритиш учун янги имкониятлар яратади.
Маълумот учун, жорий йилнинг ўн ойида Ўзбекистонга 11,6 миллион нафардан зиёд хорижий фуқаро турист сифатида ташриф буюрган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,9 миллион нафарга кўп. Сайёҳларнинг асосий қисми Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳиссасига тўғри келади.

Изоҳлар мавжуд емас